Ўзбекистон Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги Матбуот уйи мажмуасини («Газета корпуси») реконструксия қилиш бўйича ўтказилган тендер натижаларини эълон қилди.

Ҳужжатларга кўра, бино ва иншоотлар ҳамда уларга туташ ҳудудда замонавий медиа шаҳарча ташкил этиш режалаштирилган.

Бошланғич нархи 103,49 млрд сўм бўлган тендерда тўртта компания иштирок этди, улардан 3 таси Фарғона вилоятидан:

  • Тошкент шаҳридан Yangi Zamon Bino (қурилиш-пудрат ташкилотлари реестрида энг юқори А рейтингига эга);
  • Фарғонадан BB рейтинги билан Baraka Fayz Invest;
  • Фарғонадан Fargona Kristal Qurilish (BB);
  • Марғилондан Farg‘ona Me’mor Qurilish (B).

Эътиборлиси, Фарғона вилоятидан учта корхона бир хил — 98 миллиард 315 миллион сўм таклиф қилган.

Танлов якунига кўра, аризаларни қабул қилишнинг сўнгги кунида тақдим этган 98,86 миллиард сўмлик таклиф билан Yangi Zamon Bino компанияси ғолиб бўлди. У тендер комиссиясидан 60,13 балл олди. Baraka Fayz Invest (58,3 балл) захира ғолиби сифатида танланди.

Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри маълумотларига кўра, Yangi Zamon Bino 2016 йилнинг ноябрь ойида рўйхатга олинган. Устав капитали 566,18 млрд сўмни ташкил этади. Таъсисчилар рўйхатида Unique Trade Business (50%) ва «Ўзбекистон темир йўллари» (50%) кўрсатилган. Unique Trade Business`нинг асосчилари, ўз навбатида, Golden House Development (99%) ва BeFit премиум спорт мажмуалари, Ўзбекистонга қоғоз маҳсулотларини етказиб берадиган Oriental Paper & Board компанияси ва бошқаларда улушга эга Жахонгир Жетибаевич Полатов (1%) ҳисобланади.

Компания веб-сайтида айтилишича, 2016 йилдан бери у 600 дан ортиқ бино ва инфратузилма объектларини, жумладан, мактаблар, шифохоналар, йўллар, саноат объектлари, турар жой мажмуалари ва бошқаларни қурган. Корхонада 4000 дан ортиқ киши ишлайди. Навоий шаҳридаги Президент мактаби, Мудофаа вазирлиги ўқув маркази, Қибрай болалар реабилитация маркази ва Orient Business Center шулар жумласидан.

Матбуот уйи 2018 йилнинг баҳорида кимошди савдосига қўйилганди. Ўшанда объектнинг бошланғич баҳоси 18,7 млрд сўм бўлган. Кейинчалик лот кимошди савдосидан олиб ташланган.

2021 йил август ойида Бухоро ва Нуронийлар кўчалари чорраҳасида жойлашган бино (18,1 минг кв.м.) хусусийлаштириш доирасида очиқ кимошди савдосига қўйилган 12 та давлат активлари рўйхатига киритилганди. Сўнг объект сотувдан олиб ташланган ва оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, босма нашрлар ихтиёрида қолдирилган. Кейинчалик бино ЎзА балансига ўтказилган.