26−30 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида шахматнинг рапид ва блиц турлари бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Бу ҳақда Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) президенти Аркадий Дворкович маълум қилди.

Беш кун давом этувчи турнирда рапид ва блиц бўйича жаҳон чемпионлиги учун кураш олиб борадиган дунёнинг энг яхши шахматчилари иштирок этади, дейилади хабарда. Чемпионат очиқ ва аёллар ўртасидаги турнирларни ўз ичига олади.

«FIDE Ўзбекистоннинг шахмат бўйича бой анъаналарини ва яқинда шахмат бўйича супер давлат сифатида намоён бўлганини эътироф этади. Шахматга қилинган бу фидойилик ва сармоя бизни ушбу нуфузли мусобақани ўтказишни Ўзбекистонга ишониб топширишимизга туртки бўлди», — деди ташкилот президенти Аркадий Дворкович.

Қайд этилишича, Ўзбекистон 2026 йилги шахмат олимпиадасига ҳам мезбонлик қилади.

FIDE раҳбари Ўзбекистоннинг шахмат оламида жадал ўсиб бораётганини таъкидлади. Яқинда якунланган FIDE Grand Swiss 2023 турнирида уч нафар ўзбекистонлик спортчи кучли 15 таликдан жой олди, мамлакат 2022 йилги шахмат олимпиадасида 188 та рақобатчи жамоалар ўртасида ғолиб бўлди ва жаҳон чемпионатида Хитойдан кейин иккинчи ўринни эгаллади. Нодирбек Абдусатторов 2021 йилда рапид йўналиши бўйича жаҳон чемпиони (17 ёшида) унвонини қўлга киритган энг ёш шахматчига айланди.