Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Ченнай (Ҳиндистон) шаҳрида ўтказилаётган 44-шахмат олимпиадасининг 11-турида Голландия терма жамоасини мағлуб этиб, турнир чемпиони бўлди. 9 август куни бўлиб ўтган сўнгги учрашув 2,5:1,5 ҳисобида якунланди.


20 ёшли Нодирбек Ёқуббоев (2620) 23 ёшли Йорден Ван Форест (2678) билан ўйинда мағлубиятга учраётганди, бироқ вазиятни ўнглаб, учрашувни дурангга олиб чиқди.

Ўзбекистонлик шахматчи 11 тур давомида бешта ғалаба, олтита дуранг қайд этди ва бирорта ҳам мағлубият аламини тотиб кўрмади (11 тадан 8 очко).

17 ёшли гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов ва айни дамда дунёнинг энг яхши 10 нафар шахматчиси қаторидан жой олган 28 ёшли Аниш Гири (2760) ўртасида ҳам ғолиб номи аниқланмади, устунлик ўзбекистонлик спортчи тарафида эди. У ғалаба қозонса, рейтинги 2700 дан юқори бўлган шахматчилар рўйхатига кириши мумкин эди.

11 тув давомида Абдусатторов саккизта ғалабага эришди, жумладан, 10-турда ҳиндистонлик Гукеш Доммаражуга қарши ўйинда муҳим ғалабани қўлга киритди, уч марта дуранг ўйнади ва бор-йўғи бир марта мағлубиятга учради (11 тадан 8,5 очко).

16 ёшли гроссмейстер Жавоҳир Синдаров (2629) гарчи учрашув давомида устунликка эга бўлган бўлса-да, 27 ёшли Беньямин Бок (2616) билан дурангга рози бўлди.

Ўзбекистонлик 10 учрашувда бешта ғалаба қозониб, уч марта дуранг ўйнади ва икки марта мағлубият аламини тотиб кўрди (10 ўйиндан 6,5 очко).


Параллель ўтказилган ўйинларда Ҳиндистон-2 терма жамоаси Германияни мағлуб этди (3:1), Арманистон эса Испанияни (2,5:1,5) ортда қолдирди, шу сабабли Ўзбекистонга медаль олиш учун ғалаба керак эди. Ҳал қилувчи ўйинда 27 ёшли Жаҳонгир Воҳидов (2564) 20 ёшли Макс Уормердам (2610) устидан устунлик қилди ва Ўзбекистонга шахмат олимпиадасидаги илк ғалабани келтирди.

Воҳидов жами саккизта ўйин ўтказиб, бешта ғалаба қозонган ва уч марта дуранг қайд этган (8 ўйиндан 6,5 очко).

Турнирда 20 ёшли Шамсиддин Воҳидов (2552) ҳам терма жамоа сафида ўйнади. У учта ғалаба ва битта мағлубиятсиз дуранг қайд этди (4дан 3,5 очко).

Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси 11 тур якунига кўра, 19 очко билан турнир жадвалида биринчи ўринни эгаллаб, мағлубиятга учрамаган ягона жамоа мақомини сақлаб қолди. Иккинчи ўринни Арманистон (19 очко), учинчи ўринни Ҳиндистон-2 (18 очко) эгаллади.


Шахмат бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Коста-Рика устидан ғалаба қозонди (2,5:1,5) ва олимпиадани 162 жамоа орасида 24-ўринда якунлади.

Ўзбекистон охирги марта 1992 йилда олимпиада медалини қўлга киритган. Кейин эса Валерий Логинов, Григорий Серпер, Александр Ненашев, Сергей Загребельний, Михаил Салтаев ва Саидали Йўлдошевлардан иборат жамоа Манила (Филиппин)даги турнирнинг кумуш медали совриндори бўлганди.