7 октябрдан бери Ғазо секторидаги жангларда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлигининг (UNRWA) 88 нафар ходими ҳалок бўлди. Бу ҳақда БМТ қўшма баёнотида сўз боради, деб хабар бермоқда Meduza.

«Бу — битта конфликтда ҳалок бўлган БМТ ходимларининг энг кўп сони», — дея маълум қилди БМТ.

Баёнотда айтилишича, Исроил ҳукумати маълумотларига кўра, Исроилда 1400 га яқин одам ҳалок бўлган, минглаб одамлар яраланган, 200 дан ортиқ одам, жумладан, болалар гаровга олинган.

Ташкилотлар, шунингдек, Ғазо секторида 9,5 мингга яқин одам, жумладан, 3900 нафар бола ўлгани ҳақида хабар бермоқда. Бу рақамлар Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига таянган ҳолда тақдим этилган.

«Томонларни халқаро гуманитар ҳуқуқ бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга чақирамиз. Биз гаровга олинган барча тинч аҳолини зудлик билан ва сўзсиз озод қилишга чақирувимизни такрорлаймиз… Қўшимча ёрдам — озиқ-овқат, сув, дори-дармон ва, албатта, ёқилғи — Ғазога хавфсиз, тез ва керакли ҳажмда етиб бориши керак… Биз зудлик билан ўт очиш тўхтатилишни хоҳлаймиз. Орадан 30 кун ўтди. Етар. Бу ҳозироқ тўхтатилиши керак», — дейилади баёнотда.

Ҳужжатни БМТнинг 17 та муассасаси вакиллари, жумладан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Гебрейесус, БМТ бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Мартин Гриффитс, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари (OHCHR) Фолькер Тюрк, Халқаро миграция ташкилоти (IOM) директори Эми Поуп, БМТ болалар жамғармаси (UNICEF) ижрочи директори Кэтрин Рассел ва бошқалар имзолади.

7 октябрь куни ҲАМАС аскарлари Исроилга ҳужум қилган. Шундан сўнг Исроил мудофаа кучлари Ғазо секторига йирик ҳужумлар уюштира бошлаган. Октябрь ойи охирида Исроил қуруқликдаги операциянинг «кенгайтирилгани» ҳақида эълон қилди ва қўшинлар Ғазо секторини қуршаб олгани маълум қилинди.

Октябрь охирида БМТ Бош ассамблеясининг Ғазо секторида ўт очишни зудлик билан тўхтатишга чақирувчи резолюциясига 120 та давлат, жумладан, Ўзбекистон ёқлаб овоз берганди. 14 та мамлакат бунга қарши чиққан бўлса, 45 та мамлакат бетараф қолган.