Исроил қўшинлари Ғазо шаҳрини қуршаб олди. Бу ҳақда Meduza Исроил мудофаа кучлари матбуот хизмати раҳбари Даниэль Хагарига таяниб хабар бермоқда.

«Қўшинларимиз ҲАМАС фаолияти маркази бўлган Ғазо шаҳрини қуршаб олишни якунлади», — деган Хагари матбуот анжуманида.

Ўт очишни тўхтатиш эҳтимоли ҳақидаги саволга Хагари ҳозирда «бу кун тартибида эмас» дея жавоб қайтарган.

2 ноябрь куни эрталаб Исроил мудофаа кучлари Бош штаби бошлиғи Герзи Ҳалеви исроиллик ҳарбийлар Ғазо шаҳрини ўраб олиб, қуруқликдаги ҳужумини кучайтиргани ҳақида маълум қилганди. Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху «жанг авж палласида» эканини айтган.

7 октябрь куни ҲАМАС гуруҳи Исроилга ҳужум қилгандан сўнг Исроил мудофаа кучлари Ғазо секторида жангларни бошлаган. Ҳужум оқибатида 1400 исроиллик ҳалок бўлди ва 200 дан ортиқ киши гаровга олинган. Бунга жавобан Ғазо секторига ҳаво ҳужумлари бошланган.

Фаластин томонига кўра, 7 октябрдан бери Ғазо секторида тўққиз мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган, улардан 3,5 минг нафари болалар. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 1,5 миллионга яқин одам Ғазо секторидаги уйларини тарк этган.

Аввалроқ UNICEF Фаластиннинг Ғазо сектори болалар учун қабристонга айланганини маълум қилганди. «Агарда 72 соат давомида ўт очишни тўхтата олганимизда эди, бу 1000 нафар болани яна хавфсиз ҳолатга келтириш имконини берарди», — деган UNICEF вакили.