Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси ва «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси (ТШТҲ) раҳбари Анвар Жўраевнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, бошқарма мутахассислари томонидан 8−10 ноябрь кунлари жамоат транспорти учун айланма йўллар схемалари тайёрланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 8−10 ноябрь кунлари Тошкентда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити бўлиб ўтади. Унда Озарбайжон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркия раҳбарлари иштирок этади. Шу муносабат билан, аввал ёзганимиздек, бир қатор марказий кўчаларда транспорт ҳаракати чекланади.

Анвар Жўраевнинг сўзларига кўра, марказий кўчалар бутунлай эмас, балки фақат делегациялар ўтиш вақтида ёпилади.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ЙҲХХ)нинг аниқлик киритишича, кортеж ўтаётганда пиёдалар, велосипедчилар ва скутердаги одамлар йўлни кесиб ўта олмайди, бироқ пиёдалар йўлакчасида ҳаракатланишлари мумкин бўлади.

ЙҲХБ, шунингдек, «аҳоли ҳаракатланиши хавфсизлиги ички ишлар органлари хизматлари томонидан кучайтирилишини» таъкидлади. ППХ ва ЙПХ ходимлари ҳам кучайтирилган режимда ишлайди.