Абонент рақамларини кўчириш хизматидан 1000 дан ортиқ одам фойдаланди. Бу ҳақда Верона Евроосиё иқтисодий форумида рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Spot`га маълум қилди.

«Бу биринчи ҳафта [кўрсаткичлари]. Аҳолида ҳали ҳам қўрқув бор ва ҳоказо ёки билишмайди. Барчаси яхши кетаётганини кўришгач, менимча, бундан ҳам кўпроқ бўлади», — деди вазир.

Унинг сўзларига кўра, ноябрь ойи охиригача вазирлик «мобил қуллик» бекор қилинишининг дастлабки натижалари ҳақида тўлиқроқ маълумотга эга бўлади.

«Ҳозир одамлар [рақамларни кўчириш хизматидан] фаол фойдаланишмоқда, яъни [мобил операторларини] алмаштиришмоқда. Асосийси, қийинчиликлар йўқ. Айрим операторлар ўз ички тизимларини янада созлашмоқда. Улар ҳозир фақат ўз абонентлари учун ишлаб чиқилган баъзи хизматлардан барча қурилмаларда қулай фойдаланиш учун кўчиришлари керак бўлади. Бу оддий иш», — дея таъкидлади у.

Ўзбекистонда 27 октабрдан бошлаб рақамни сақлаган ҳолда уяли алоқа операторини ўзгартириш хизмати ишга туширилди. Дастлабки босқичда жисмоний шахслар ўзи ўтишни хоҳлаган мобил алоқа оператори офисига ташриф буюрган ҳолда мурожаат қилади ва мобил рақами кўчирилган янги сим картани олиб кетади.

Хизматдан фойдаланиш ҳақида батафсил бу ерда ўқиш мумкин.