27 октябрь куни «ICTWEEK UZBEKISTAN — 2023» ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида Ўзбекистон Республикаси мобил алоқа тармоқларида абонент рақамини кўчириш хизмати (MNP) ишга туширилди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар қилди.

Хизматнинг қулайлиги шундаки, эндиликда абонентлар мобил алоқа операторларининг хизмат кўрсатиш сифатига қараб исталган компанияни танлаши мумкин.

Бу жараёнда мобил алоқа абонентларига улар бошқа операторга кўчганда ўз абонент рақамини сақлаб қолиш имконияти тақдим этилади. Бу рақам йўқотилишининг олдини олади ҳамда алоқа операторлари томонидан рақам ресурсларидан янада оқилона фойдаланилишига хизмат қилади.

Дастлабки босқичда жисмоний шахслар ўзи ўтишни хоҳлаган мобил алоқа оператори офисига ташриф буюрган ҳолда мурожаат этади ҳамда мобил рақами кўчирилган янги сим картани олиб кетади.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Beeline, Mobi.uz, Ucell, UZTELECOM, Humans каби 5 та мобил алоқа оператори фаолият кўрсатади. Улар томонидан мижозларга мобил алоқа хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Агар хизматдан фойдаланиб, мобил алоқа оператори ўзгартирилса, кўчирилган рақамлар ўз шаклини ва кўринишини сақлаб қолади.

Ўзбекистон президентининг 2020 йил 5-октябрдаги [ПФ-6079-сон] фармонига мувофиқ «Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази» ДУКга кўчиб ўтган рақамларни йиғиш, сақлаш, қайта ишлаш тўғрисидаги маълумотларнинг марказлаштирилган базасини шакллантириш ва ишлашини таъминлаш вазифалари юклан эди. Ўтган вақт давомида «ЎзТТБРМ» ДУК томонидан белгиланган барча ташкилий ишлар тўлиқ амалга оширилиши натижасида юқорида таъкидланган хизмат йўлга қўйилди.