27 октябрдан бошлаб Ўзбекистонда мобил алоқа тармоқларида абонент рақамини кўчириш хизмати (MNP) ишга туширилди. Яъни, энди абонентлар мобил алоқа операторларининг хизмат кўрсатиш сифатига қараб исталган компанияни танлаши мумкин. Бу жараёнда абонентлар ўз рақамини сақлаб қолади.

Хизмат ҳозирда фақат GSM мобил операторлари — Beeline, Mobi.uz, Ucell, Uzmobile, Humans абонентлари томонидан тақдим этилади. «Газета.uz» мазкур жараён ҳақидаги муҳим саволларга жавобларни тўплади.

Компанияни ўзгартириш қандай амалга оширилади?

1-босқич.

Агарда, телефон рақамингизни бошқа компанияга улашни мақсад қилган бўлсангиз, янги компания офисига мурожаат қиласиз. Мисол учун, айтайлик сиз ҳозир А1 компания абонентисиз, ва унинг хизмати сифатидан қониқиш ҳосил қилмаганингиз учун Б1 компанияга ўтмоқчисиз. Бунинг учун тўғри Б1 компания офисига ташриф буюрасиз.

У ерда абонент рақамини кўчириш учун ариза топширасиз. Аризани тўлдириш учун эса рақамни қайси шахсни тасдиқловчи ҳужжатга расмийлаштирган бўлсангиз, ўша ҳужжат (паспорт, ID-карта, ҳайдовчилик гувоҳномаси, ҳарбий гувоҳнома) ёнингизда бўлиши лозим.

Айни пайтда рақамни онлайн (уй ёки офисдан туриб) ўзгартиришнинг имкон йўқ.

2-босқич.

Ариза берилган вақтдан бошлаб, агар барча шартлар бажарилган бўлса, рақамни кўчириш жараёни 10 дақиқагача давом этади. Тасдиқ жавоби олганингиздан сўнг хизмат учун тўловни амалга оширишингиз зарур. Хизмат муваффақиятли фаоллаштирилгандан сўнг ҳисобдан ечиб олинади.

Хизмат нархини — компанияларнинг ўзи белгилайди. Ҳозирда мазкур хизмат учун аксарият операторларда 60 минг сўм тўлов белгиланлан.

Эътибор беринг: Операторни ўзгартирганда балансдаги қолдиқ маблағни ўтказиш имкони мавжуд эмас. Агар ҳисобда маблағ мавжуд бўлса ва уни қайтариб олишни истасангиз, компания ходимига маълум қилишингиз лозим.

3-босқич.

Хизмат фаоллаштирилгандан сўнг рақам улангани ҳақида SMS-хабарнома келади. Шундан сўнг, сизга янги SIM-карта берилади.

Баъзи ҳолларда рақамни кўчиришнинг имкони бўлмаслиги мумкин. Буларга қуйидагилар сабаб бўлади:

  • шахсий маълумотлар компания маълумотлар базасида сақланган маълумотларга мос келмаса;
  • абонентда қарздорлик бўлса;
  • рақам маълум бир шартлар асосида (чиройли рақам) ва тўлиқ тўланмаган ёки ижара/муддатли тўловга харид қилинган бўлса;
  • мажбурий тариф шартлари бажарилмаган бўлса (баъзи тарифларда мажбурий фойдаланиш муддати бўлиши мумкин, бу муддат тугамагунча рақам кўчириш амалга оширилмайди).

Рақамни ҳар 30 кунда фақат бир марта кўчириш мумкин. Ушбу муддат тугагандан сўнг, сиз рақамни кўчириш учун қайта мурожаат қила оласиз.

«Газета.uz» билан суҳбатда Рақамли ривожланиш вазирлиги матбуот котиби Шерзод Ахматов компания ўзгарганда, рақамга уланган банк карталари ва мобил иловалар тақдирига ҳам тўхталиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, мобил компания алмаштирилганда рақамнинг банк карталари ва иловаларига уланиши тўлиқ бекор қилинади. Шунинг учун абонент банкомат орқали телефон рақамини карталарга қайта улаши зарур бўлади. Бундай ҳолда, тўлов иловаларидаги маълумотлар SMS-хабар берувчи рақамни қайта улагандан сўнг тикланади, аммо бундан олдин сиз банкингизга мурожаат қилишингиз ва ушбу имконият мавжудлигини текширишингиз керак.