Тошкентнинг Сергели туманида самолётларни суратга олаётган мактаб ўқувчилари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда Tashkent_Land Телеграм канали хабар берди ва буни «Газета.uz»га споттерларнинг ўзлари ҳам тасдиқлади.

Уларнинг сўзларига кўра, ходимлар болаларга бақириб, таҳдид қилиб, уларни сўкишган. Болаларни Қумариқ маҳалла қўмитаси биносига олиб боришган ва барча суратга олиш жиҳозларини олиб кетишган. Ҳибсга олинган олти ўқувчи шахсий автомашинада бошқа жойга олиб кетилган. «Газета.uz» уларнинг исмларини билади.

Қўлга олинганлар Uzbekistan Airports компанияси томонидан Тошкент аэропортида ўтказиладиган расмий споттинг тадбирларида мунтазам қатнашиб келаётган ёшлар ҳисобланади.

Ўзбекистон ҳукумати 2022 йил январдаги қарори билан аэропортларда самолётларни суратга олишга расман рухсат берган. Бу рухсат «Газета.uz»нинг 2021 йил сентябридаги аэроспоттинг нима ва нима учун одамлар самолётларни суратга олиши ҳақидаги мақоласидан сўнг берилди. Мақолада кўплаб мамлакатларда мутахассислар ва ҳар ким самолётларни бемалол суратга олиши мумкин, лекин Ўзбекистонда бу тақиқланган ва ҳатто хавфли экани ёзилганди.

Қарорда 2022 йил 1 февралгача аэропортларга туташ ҳудудларда кузатиш учун майдончалар ташкил этилиш топширилган. Лекин бундай ҳудудлар ҳали ташкил этилмаган.

Тошкентда авиация ихлосмандлари кўп йиллардан буён эътибор қаратиб келаётган бир қанча жойлар бор. Шу вақтгача самолётларни суратга олаётганлар баъзан тарқатиб юборилган ёки ички ишлар бўлимларига олиб кетилган, аммо у жойларда самолётларни суратга олишни тақиқловчи белгилар бўлмаган.