2024 йилда Ўзбекистон давлат бюджетининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар, шунингдек, айрим хизматлар бўйича тарифларни ошириш билан боғлиқ харажатлари 9,55 трлн сўмни ташкил этади. Бу Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан эълон қилинган 2024−2026 йилларга мўлжалланган бюджетномада назарда тутилган.

Жорий йилда иш ҳақи ва пенсияларни оширишга 3,8 трлн сўм йўналтириш режалаштирилганди, лекин уларни индексация қилиш учун қўшимча 2,6 трлн сўм (жами — 6,4 трлн сўм) йўналтирилди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, иш ҳақини 1 фоизга қўшимча ошириш учун йилига қарийб 1,3 трлн сўм, пенсияларни 1 фоизга ошириш учун эса йилига 600 млрд сўм маблағ талаб этилади.

Ҳужжатга кўра, агар 2024 йил охиригача инфляция даражаси иш ҳақи ва пенсиялар ўсиши даражасидан ошса, 2025 йил январидан бошлаб иш ҳақи ва пенсияларни шу фоизлар даражасида ошириш орқали компенсация қилиш тартиби жорий этилади.

Иш ҳақи учун давлат бюджетидан қанча маблағ ажратилади?

Келгуси йилда мазкур тўловлар бўйича давлат бюджетининг жами харажатлари 20,5 фоизга ёки 26,94 трлн сўмга — 130,6 трлн сўмдан 157,57 трлн сўмгача ошиши кутилмоқда. Бу давлат бюджети барча харажатларининг 50 фоиздан ортиғини ташкил этади.

Пенсия тўлаш харажатлари 9,28 трлн сўмга (+17,2 фоиз) — 63,13 трлн сўмгача ошади.

Келгуси йилда харажатларнинг ошиши 2023 йилда иш ҳақи ва пенсияларнинг ошиши ҳамда 2024 йилда кутилаётган индексация, бюджет ташкилотлари ходимлари сонининг ўзгариши ва бошқа омиллар билан боғлиқ.

давлат бюджети-2023, иш ҳақи, пенсия, стипендия

Хабар беришларича, жорий йилда иш ҳақи ва пенсияларни индексация қилиш учун қўшимча 2,6 трлн сўм ажратилган.

Эслатиб ўтамиз, 1 апрелдан ўртача 7 фоизга пенсия ва нафақалар, 1 майдан эса бюджет соҳаси ходимларининг маошлари ошди.

1 сентябрдан иш ҳақи, пенсия ва нафақаларни яна 10 фоизга ошириш (қўшимча 5,6 триллион сўм ажратиш) режалаштирилганди, бироқ бюджетнинг катта тақчиллиги фонида бу қарор кейинга қолдирилди.

Шу билан бирга, Марказий банк йил охиригача инфляция 8,5−9,5 фоиз оралиғида бўлишини прогноз қилмоқда (хорижий институтлар бундан юқорироқ кўрсаткични қайд этилишини кутмоқда).