Ўзбекистонда иш ҳақи ва пенсияларни 2023 йилда яна ошириш режалаштирилган. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори Умид Обидхўжаев «Газетa.uz»га маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, жорий йил учун тасдиқланган Давлат бюджети параметрларида пенсияларни 1 июндан 12 фоизга, иш ҳақини эса 1 октябрдан 10 фоизга ошириш учун 6,7 трлн сўм йўналтириш кўзда тутилган.

Жаҳон бозорида олтин ва миснинг прогнозга нисбатан қимматлашгани (4,5 трлн сўм қўшимча даромад кутилмоқда) ва божхона тушумларининг ўсиши (қўшимча 3 трлн сўм) муносабати билан иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдорини бир эмас, балки икки марта оширишга қарор қилинган.

Биринчи ўсиш ҳақида аллақачон хабар қилинган: 1 апрелдан пенсия ва нафақалар ўртача 7 фоизга, 1 майдан эса бюджет соҳаси ходимларининг иш ҳақи (давлат бюджетининг қўшимча харажатлари 2,2 трлн сўмни ташкил этади) ошади.

Иккинчи ўсиш 1сентябрдан режалаштирилган — давлат сектори ходимларининг иш ҳақи, пенсия ва нафақалар яна 10 фоизга (қўшимча 5,6 трлн сўм) ошиши керак.

2023 йилда иш ҳақи ва пенсияларнинг икки баравар ошиши ҳисобига умумий ўсиш ўртача 17,7 фоизни ташкил этади (илгари 10−12 фоизни ташкил этиш режалаштирилган эди). Натижада, иш ҳақини индексация қилиш прогноз қилинган инфляция даражасидан (10% доирасида) юқори бўлади.

Аввалроқ ўсиш 6,5 млн фуқарога — 4,4 млн нафақахўр ва 2,1 млн давлат сектори ходимларига таъсир этиши ҳақида ёзган эдик.

«Бунинг натижасида, масалан, Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги 30-мактаб ўқитувчисининг маоши май ойида 4,2 млн сўмдан 4,5 млн сўмга, сентябрь ойидан 4,9 млн сўмга ошади. Бухоро вилояти Когон тумани тиббиёт бирлашмаси лаборатория врачининг маоши эса 3 млн сўмдан 3,2 млн сўмгача, сентябрдан бошлаб эса 3,6 млн сўмгача этиб белгиланди», — дея мисоллар билан тушунтирди Умид Обидхўжаев.