Президентнинг 30 октябрдаги [ПҚ-349 сонли] қарори билан айрим ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

Унга кўра, 2024/2025 ўқув йилидан Миллий гвардия Тошкент «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейига Ўзбекистон фуқароси бўлган хотин-қизлар ҳам қабул қилинади. Шу вақтгача мазкур муассасага фақат эркаклар ўқишга қабул қилинарди.

«Темурбеклар мактаблари»га қабул ва ўқитиш 2020/2021 ўқув йилидан бошланган. Унга умумтаълим мактабларнинг 9-синфини тамомлаганлик тўғрисидаги шаҳодатномага эга, соғлиғининг ҳолатига кўра ўқишга яроқли деб топилган ҳамда ҳаққоний ва шаффофлик тамойилларига асосланган саралаш танловидан муваффақиятли ўтганлар ўқишга қабул қилинади.

«Темурбеклар мактаби» битирувчиларига ҳарбий таълим муассасаларга ўқишга ҳужжат топширса, тўплаган балига 30 фоиз, бошқа оддий ОТМларга топширса 15 фоиз миқдорда қўшимча баллар кўринишида имтиёз берилади.

Эслатиб ўтамиз, 2023/2024 ўқув йилида ОТМга кириш имтиҳонларида айрим абитуриентлар максимал 189 балл тўплаганига қарамасдан, «Темурбеклар мактаби» битирувчиларига берилган имтиёз сабаб контракт асосида ўқишга киргани муҳокамаларга сабаб бўлди. Фаоллар бундай имтиёзни «ўта адолатсиз» деб атади. Имтиёзлилар сабаб «контракт»га кирган 5 талаба президент грантида ўқийдиган бўлди. «Темурбеклар мактаби»нинг квоталарини эса алоҳидалаштириш устида иш олиб борилаётгани маълум қилинди.

Шунингдек, қарор билан Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси Болалар психологияси маркази ишчи ва хизматчиларининг лавозим маошлари оширилади.

Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси маблағлари ҳисобидан Миллий гвардия бўлинмалари ва ҳарбий қисмларининг объектларига қуёш фотоэлектр станциялари ва қуёш сув иситиш қурилмалари босқичма-босқич ўрнатилади.