Ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар захирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Қарорга мувофиқ, Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси таркибида қуйидаги принципиал янги «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейлари ташкил этилди:

Фарғона «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейи (Мудофаа вазирлиги таркибида);

Қибрай «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейи (Давлат хавфсизлик хизмати таркибида);

Нукус «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейи (Ички ишлар вазирлиги таркибида);

Тошкент «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейи (Миллий гвардия таркибида);

Шаҳрисабз «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейи (Фавқулодда вазиятлар вазирлиги таркибида).

Қарор билан шунингдек, қуйидагилар тасдиқланди:

Принципиал янги «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейларини ташкил этиш ва уларнинг ўқув-тарбиявий жараёнини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури;

«Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейи тўғрисидаги низом;

Ҳарбий-академик лицейнинг намунавий ташкилий-штат тузилмаси;

Ҳарбий-академик лицейларга бириктирилган олий, олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг рўйхати.

Янги шакллантирилаётган «Темурбеклар мактаблари"га қабул ва ўқитиш 2020/2021 ўқув йилидан бошланади.