Ўзбекистонда олий таълим муассасига кириш имтиҳонидан максимал — 189 баллни олган кўплаб абитуриентлар контракт асосида ўқишга қабул қилинган. Бунда «Темурбеклар мактаби» битирувчиларига берилган имтиёз сабаб грант квотаси тўлган ёки баллар кўтарилиб кетган. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги «контракт»га кирганлар Президент гранти асосида грантда ўқиши мумкинлигини айтмоқда.

Фаоллар эса юқоридаги каби имтиёзлар квотадан алоҳида бўлиши кераклиги, акс ҳолда фақат бошқаларнинг зарарига ишлайвериши ва бу адолат мезонини бузишини таъкидлашмоқда.

ЎзА ахборот агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, блогер Хушнудбек Худойбердиев ўзининг Telegram каналида танқидий пост ёзиб қолдирди.

Гап ўз кучи билан, ҳеч қандай имтиёзсиз 189 балл олган бўлсада, «Темурбеклар мактаби»ни битиргани учун қўшимча балл олганлардан ортда қолиб кетган Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ўқишга кирган 3 нафар қиз ҳақида кетмоқда.

«Темурбеклар мактаби» битирувчиларига ҳарбий таълим муассасаларга ўқишга ҳужжат топширса, тўплаган балига 30 фоиз, бошқа оддий ОТМларга топширса 15 фоиз миқдорда қўшимча баллар кўринишида имтиёз берилади.

Блогернинг ёзишича, Халқаро муносабатлар йўналишида давлат гранти учун ўтиш бали 205,2 баллга етган. Тестда 189 максимал балл тўплаганлар ҳам тўлов-шартнома асосида ўқимоқда.

«Натижада ўз кучи билан, ҳеч қандай имтиёзсиз 189 балл олган бир неча абитуриент контрактга кирган. Тасаввур қиляпсизми, улар барча саволларга 100% тўғри жавоб берган, тўплаш мумкин бўлган максимал баллни тўплашган, қўлидан келадиган ҳамма ишни қилган. Аммо бизнинг „ўта ақлли“ масъулларимиз ўйлаб топган ўта адолатсиз имтиёз натижасида давлат бюджетидан энг зўр шароитлар билан таъминлаб қўйилган мактабнинг битирувчилари гарчи паст балл олган бўлса ҳам, ўша максимал балл олганлардан юқорига чиқиб, давлат гранти учун ажратилган барча ўринни банд қилишган», — дея таъкидлаган у.

«189 балл билан контрактга кирган абитуриентларнинг 3 нафари қиз бола (суратларда уларнинг натижаси). Қизларни контрактда ўқитиш бизда нимани англатишни жуда яхши биласизлар. Нега энди улар шунчаки қиз болалиги учун максимал балл тўпласа ҳам контрактда ўқиши керак? Унинг айби қиз болалигидами?» — дея савол билан юзланмоқда блогер.

Фото: Xushnudbek.

Улар Kun.uz нашрига берган изоҳида натижадан норози эканликларини айтган. Абитуриентлардан бири андижонлик Муҳайё Абдулвоҳидова инглиз тилини 1-синфдан бери ўрганади. IELTS ва тарихдан сертификати бор, лекин контракт асосида ўқиши ҳақида хабар олган. Навоийлик Мухлиса Эргашева ҳам жуда катта умидлар билан грантни кутган. Фарғона вилояти Бувайда туманида яшовчи Санжар Тилаволдиев ҳам 189 балл олиб, контакт асосида талабаликка тавсия этилган. У ҳам 3 йил тайёрланиб ўқишга топширган.

Блогер Хушнуд Худойбердиев 189 балл тўплаган 200 нафар абитуриентга Президент гранти берилиши ва ўшалар мандат эълон қилинганда контрактга кирган бўлсада, бюджетда ўқишини эслатиб ўтган. «Аммо бу муаммонинг ечими эмас. Унда 187,9 балл тўплаган қизларчи? (4-расмга қаранг). Улар мажбурий фандан атиги 1 тагина хато қилган ва энди 4 йил контрактда ўқиши керак», — деб ёзган у.

Блогернинг танқидий фикрлари тармоқларда кўп муҳокама бўлди, фаоллар бу эътирозларни ўз саҳифаларида ҳам қайта улашмоқда.

Хусусан, адлия вазири маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова имтиёзлар жуда кўп саволларни туғдираётгани ва адолатга ишончни ўлдираётгани ҳақида гапирди.

«Олий таълимда имтиёз берилиши керак бўлса, баллар шаклида эмас, тест синовларидан ўтиб бўлгандан кейин, натижаларига қараб грантлар ва стипендиялар шаклида берилиши керак. Хорижий топ университетлар тажрибасига қарайлик шу ерда. Қаерда ўқиган, қандай давлат мукофотини олган, ота-онаси қаерда ким бўлиб ишлаган — булар тест натижаларига ҳеч қандай таъсир қилмаслиги керак. Фақат ногиронлиги бўлган шахслар ва чин етимлар масаласида имтиёзлар берилса бўлади. Бизга адолатга ишонадиган ёшлар керак-ку ахир», — дея ёзиб қолдирган у.

Яна бир аёл блогер Азиза Қурбонова буни «қизларга икки карра дискриминация» дея атамоқда.

«Биринчидан, юқори балл тўпласа ҳам қизлар контрактда ўқишига тўғри келяпти. Темурбеклар мактабига берилган имтиёз сабаб. Бу имтиёз Зулфия мукофотига ўхшаб, квотадан ташқарида ҳал бўлсаям майлийди. Иккинчидан, қизлар бу йўналишдаги имтиёздан аввалбошданоқ маҳрум, улар Темурбеклар мактабида ўқий олмайди, чунки ўғил болалар мактаби. Имтиёзлар жинсларни камситмасин, адолатсизликка сабаб бўлмасин», — деди у.

Умуман олганда фаоллар ушбу имтиёзнинг ўзини адолатсиз тарзда берилаётганидан норози. Бу ҳолат анчадан бери тармоқларда танқидга учраётганди.

23 август куни АОКАда тест натижаларига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Қабул жараёнларини ташкил этиш бўлими бошлиғи Абдусамад Маманазаров айни шу ҳолатга изоҳ берди. Унинг айтишича, ҳозир бу тартиб бўйича таҳлиллар олиб борилмоқда ва у якунига етгани йўқ.

«189 балл тўплаган 200 нафар абитуриентга «Президент гранти» берилади. Бу танлов йўналишлари кесимида тақсимланади. Катта эҳтимол билан 189 баллни олган абитуриентлар ўша квотага тушса керак. Ҳали таҳлиллар ўз якунига етмади. Агар улар «контракт»га тавсия этилган тақдирда ҳам Президент грантига сазовор бўлишса, грант асосида ўқишни давом эттириши мумкин бўлади», — деди мутахассис.

Мазкур видео орқали абитуриентлар қабул жараёнлари билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган бошқа саволларга ҳам жавоб топиши мумкин.