Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг «Халқаро муносабатлар» йўналиши ўзбек гуруҳига энг юқори — 189 балл тўпланган, аммо тўлов-контракт асосида тавсия этилган 5 нафар талаба давлат гранти асосида ўқийдиган бўлди.

Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятовнинг маълум қилишича, бу бўйича Шавкат Мирзиёев топшириғига асосан таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг навбатдаги баёни қабул қилинган.

Унга кўра, Азиза Ахатова, Мухайёхон Абдулвохидова, Убайдулло Хўжабеков Неъматович, Мухлиса Иргашева ва Санжар Тилаволдиев президент томонидан берилган имтиёз бўйича давлат грантида ўқийди.

Муаммо шундаки, бир нечта абитуриентлар «Темурбеклар мактаби» битирувчиларига берилган имтиёз сабаб контракт асосида ўқишга кирган. Фаоллар бундай имтиёзни «ўта адолатсиз» деб атаганди. Вазирлик эса максимал балл тўплаган 200 нафар талабага «президент гранти» берилишини маълум қилган.

Қабул комиссияси аъзоси, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги директори Мажид Каримовдан бундан кейин ҳам шундай муаммолар пайдо бўлиши эҳтимоли ҳақида савол берилди.

Унинг қайд этилишича, «Темурбеклар мактаби»нинг ҳам квоталарини алоҳидалаштириш устида иш олиб борилмоқда.

«Шунга ўхшаш кейинги ҳолатларнинг ҳам олдини олиш учун мунтазам ишловчи тартиб ишга тушириляпти. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетидан бошқа ОТМда бундай муаммо йўқ. Максимал балл тўплаб ҳам контрактга ўқишга қабул қилинганлар аслида 6 нафар эди. Қорақалпоғистонлик бир талабанинг муаммосини ҳал қилдик. Қалган 5 нафарининг муаммоси эса бугун ёки эртага ҳал бўлади», — дея жавоб қайтарган агентлик раиси.