Миллий банклараро процессинг маркази (Humo) ишидаги узилишлар янги дастурий таъминот ўрнатилгани билан боғлиқ. Бу ҳақда 26 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистон Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуратов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Humo дастурий таъминотини тўлиқ янгилаган, бу эса иш бошлаган дастлабки кунларда тўлов тизимига юкланишни келтириб чиқарган ва натижада айрим маҳсулотлар ишлашига таъсир қилган.

«Бу фақатгина дастурий таъминотни янгилаш билан боғлиқ, бошқа ҳеч нарса йўқ», — деди Марказий банк раҳбари.

Октябрь ойи бошида Humo тизими мобил (тўлов) иловаларида тўловлар ва p2p ўтказмаларини амалга оширишда қийинчиликлар юзага келганди. Шу ойнинг ўрталарида Миллий банклараро процессинг маркази терминалларда тўловларни амалга оширишда ҳам муаммолар юзага келганини маълум қилди.