Сўнгги кунларда Humo картасидан фойдаланувчиларнинг айримлари мобил (тўлов) иловаларида тўлов ва p2p ўтказмаларини амалга оширишда қийинчиликларга дуч келди.

Компания баёнотида айтилишича, у «Марказий банкни вазиятдан хабардор қилиб, ҳодиса сабабларини аниқлаш учун барча зарурий чоралар кўрилаётганини маълум қилган».

Компаниянинг қайд этишича, «айрим савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарида терминал эгалари томонидан гўёки Humo тўлов тизими бир неча кундан буён ишламаётганини рўкач қилиб, харидорлардан тўлов учун Humo картасини қабул қилишни рад этиш ҳолатлари учрамоқда.

«Humo карталаридаги амалиётлар билан боғлиқ қийинчиликлар фақатгина банк ва тўлов иловаларида кузатилган бўлиб, бу ҳолат Humo терминаллари ва банкоматлари орқали амалиётларга таъсир қилмаган», — дейилади компания хабарида.

Карточкаларни тўловга қабул қилишдан бош тортган ҳолларда фойдаланувчилар давлат солиқ хизматининг 71−202−32−82 ёки 1198, шунингдек, Миллий банклараро процессинг маркази (МБПМ)нинг 71−200−08−88 рақамларига қўнғироқ қилишлари сўралади.

Ўзбекистон Марказий банкининг хабар беришича, Humo регуляторни вазият ҳақида хабардор қилган ва унинг сабабларини аниқлаш чораларини кўраётганини тушунтирган.

«Марказий банк вазиятни барқарорлаштириш учун зарур чораларни кўриш, хусусан, карта эгаларининг ўз карталаридаги маблағларидан узлуксиз фойдаланишини таъминлаш мақсадида Humo терминаллари ва банкоматлар ишлашига алоҳида эътибор қаратиш бўйича тавсиялар берди», — дейилади хабарда.