Грузиядан Самарқандга тўғридан-тўғри рейслар йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда, деб хабар қилди Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Транспорт вазирлиги раҳбари Илҳом Маҳкамов Грузия бош вазири ўринбосари — иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазири Леван Давиташвили билан икки давлат ўртасидаги транспорт-логистика алоқаларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Томонлар, хусусан, Ўзбекистон ва Грузия ўртасида мунтазам авиақатновлар сонини кўпайтириш, янги йўналишларга авиақатновлар йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашди.

Илҳом Маҳкамов Грузия томонининг Грузиядан Самарқандга ҳаво қатновини ташкил этиш таклифини қўллаб-қувватлади.

Леван Давиташвили ўзбекистонлик тадбиркорларга Грузиянинг Қора денгиз соҳилларида порт ва терминаллар қуришда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

Томонлар, шунингдек, халқаро ташишлар учун рухсатнома бланкаларини айирбошлаш ҳажмини оширишга келишиб олди.

2022 йилда Грузиянинг Поти ва Батуми портлари орқали Ўзбекистоннинг экспорт-импорт юк ташиш ҳажми 864 минг тоннани ташкил этган. Бу кўрсаткич 2021 йилга (503 минг тонна) нисбатан 72 фоизга кўпдир.

Ўзбекистон Грузия денгиз портларида денгиз терминаллари, шунингдек, омборларни қуриш ва узоқ муддатли ижарага беришни режалаштирмоқда. Бу ҳақдаги меморандум июль ойида бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат делегациясининг ташрифи чоғида имзоланганди.