Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ва Грузия Иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазирлиги ўртасида транспорт соҳасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди, дея хабар қилди Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳужжат Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги делегациянинг Тбилисига расмий ташрифи доирасида имзоланган.

Меморандум Грузия денгиз портларида денгиз терминали, омборхоналарни қуриш ҳамда узоқ муддатли ижарага олиш, фуқаро авиацияси соҳасида ҳамкорлик, автомобиль транспортида ташувларни ривожлантириш ҳамда транспорт ва инфратузилма йўналишида ўзаро ҳамкорликда тадқиқотлар олиб бориш, инновацияларни қўллашни ўз ичига олади.

2022 йилда Грузиянинг Поти ва Батуми портлари орқали Ўзбекистоннинг экспорт-импорт юк ташиш ҳажми (Ўзбекистон делегацияси 18 июль куни ушбу портларга ташриф буюрган) 864 минг тоннани ташкил қилган. Бу кўрсаткич 2021 йилга (503 минг тонна) нисбатан 72 фоизга кўп.

Аввал ёзганимиздек, делегация таркибида транспорт вазири Илҳом Махкамов, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ботир Зокиров, «Ўзелтехсаноат» уюшмаси раҳбари Мирзиёд Юнусов, «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти раҳбари Тимур Мухамеджонов, Eriell Group нефть конларига хизмат кўрсатиш компанияси раиси, Enter Engineering (мамлакатдаги энг йирик EPC пудратчиларидан бири), Ferkensco (агрокимё корхоналари қурилишини бошқарувчи инвестиция компанияси), Air Samarkand ва бошқа корхоналар акциядори Бахтиёр Фазилов ҳамда бошқалар бўлган.