Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 17−18 июль кунлари расмий ташриф билан Тбилисида бўлди. Уни Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвили қабул қилди, деб хабар берди Грузия ҳукумати матбуот хизмати.

Расмий кутиб олиш маросими Грузия ҳукумати маъмуриятида бўлиб ўтди. Ундан сўнг томонларнинг юзма-юз ва кенгайтирилган таркибдаги учрашувлари бўлиб ўтди.

абдулла арипов, грузия, ираклий гарибашвили

Ўзбекистон делегацияси таркибидан транспорт вазири Илҳом Махкамов, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ботир Зокиров, «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси бошқаруви раиси Мирзиёд Юнусов, «Ўзкимёсаноат» компанияси раиси Тимур Муҳамеджанов, Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчиси Ашраф Баҳромов, Eriell Group нефть-сервис компанияси раиси, Enter Engineering (Ўзбекистондаги энг йирик EPC пудратчиларидан бири), Ferkensco (агрокимё корхоналари қурилишини бошқарувчи инвестиция компанияси), Air Samarkand ва бошқа бир қатор корхоналар акциядори Бахтиёр Фазилов ўрин олди.

Гарибашвили Абдулла Ариповга «мамлакатларимиз ўртасидаги муттасил ривожланиб бораётган қардошлик ва дўстона муносабатларни юксак қадрлашини ҳамда Ўзбекистон бош вазирининг бугунги ташрифи бунинг тасдиғи» эканини тасдиқлади.

абдулла арипов, грузия, ираклий гарибашвили

Шунингдек, у президент Шавкат Мирзиёевни сайловдаги ғалабаси билан табриклаб, Ўзбекистон ва ўзбек халқига муваффақиятлар тилади.

Абдулла Арипов Гарибашвилига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, бугунги учрашув бир йил аввал унинг Ўзбекистонга расмий ташрифи чоғида бошланган «мамлакатлар ўртасидаги мулоқотни мантиқий давом эттираётганини» таъкидлади.

Ираклий Гарибашвили 2021−2022 йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми сезиларли даражада ошгани, мамлакат Ўзбекистонни муҳим ҳамкор сифатида кўриши, сармояларни жалб этиш бўйича ҳамкорликдан манфаатдор экани ҳамда Грузиядаги ўзбекистонлик инвесторларни олқишлашини таъкидлади.

Томонлар, шунингдек, Грузиянинг транзит салоҳияти ва Ўрта (Транс-Каспий) йўлагини ривожлантиришнинг аҳамиятини муҳокама қилдилар. Гарибашвилининг сўзларига кўра, Грузия Ўзбекистон билан ислоҳотларни амалга ошириш бўйича тажриба алмашиш бўйича ҳам ҳамкорлик қилишга тайёр.

Ўзбекистон томони Грузияга электротехника маҳсулотлари, автомобиллар, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, қуритилган мева ва сабзавотлар, полимер ва кимё маҳсулотлари етказиб беришга тайёрлигини билдирди.

абдулла арипов, грузия, ираклий гарибашвили

Кенгайтирилган таркибдаги учрашувда Грузия бош вазири ўзбекистонлик ҳамкасбига «Грузиянинг халқаро тан олинган чегаралар доирасидаги суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, шунингдек, Грузиянинг босиб олинган ҳудудларига нисбатан тан олмаслик сиёсатини қўллаб-қувватлагани» учун миннатдорлик билдирди.

Сўнгра Грузия ва Ўзбекистон бош вазирлари мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича 2023−2024 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурини имзолади.

Мамлакат Савдо-саноат палаталари ўртасида «Грузия-Ўзбекистон» ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш тўғрисида битим имзоланди.

абдулла арипов, грузия, ираклий гарибашвили

абдулла арипов, грузия, ираклий гарибашвили

Кечқурун Ираклий Гарибашвили Абдулла Ариповни делегация билан расмий кечки овқатда қабул қилди. Норасмий шароитда бош вазирлар мамлакатлар ўртасидаги тарихий ва маданий алоқаларни муҳокама қилдилар, дейилади хабарда.

18 июль куни Ўзбекистон делегацияси Батуми ва Поти шаҳарларидаги портлар фаолияти билан танишди.