Жиноят ишлари бўйича Фарғона тумани суди блогер Олимжон Ҳайдаровга нисбатан жиноят иши бўйича суд мажлисини 30 октябрь соат 11:30 га белгилади. «Газета.uz» учрашув ҳақидаги маълумотлар Олий суд порталида пайдо бўлганига эътибор қаратди.
Эслатиб ўтамиз, Олимжон Ҳайдаров 29 июль куни ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга олинганди. У «Қўқон Истиқлол» савдо комплекси раҳбарларидан салбий мазмундаги мақолани интернетда тарқатмаслик эвазига 10 000 доллар талаб қилганликда айбланмоқда.
10 октябрь куни тергов органи Ҳайдаровга нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми (Оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали туҳмат қилиш), 139-моддаси 3-қисми «а» банди (Оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилиш), 140-моддаси 3-қисми «а» банди (Жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш), 165-моддаси 2-қисми «а» «б» бандлари (Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, кўп миқдорда товламачилик қилиш) билан айб эълон қилган. Унга 10 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.
Маруфжон Усмонов. Фото: zarnews.uz.
Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.
Ишда беш нафар даъвогар ва жабрланувчи хусусан, Қўқон шаҳри ҳокими Маруфжон Усмонов, (бунгача президент давлат маслаҳатчиси ўринбосари лавозимида ишлаган), Нуриллохон Тешабоев (Ўзбекистон тумани ички ишлар бўлими ўринбосари — жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи бўлиб ишламоқда ёки илгари ишлаган), Воҳиджон Содиқов (у ҳам тахминан ички ишлар органларида ишлайди), шунингдек, Фахриддин Абдуваҳобов ва Олим Хасанов бор.