Иқтисодчи, Париж сиёсий тадқиқотлар институти провости ва профессори Сергей Гуриев YouTube’даги «Ҳошимов иқтисодиёти» каналига ўзининг ҳаммуаллифлигидаги «Spin Dictators» («Манипулятив диктаторлар») китоби ва ундаги мавзулар юзасидан интервью берди. Китобда диктаторларнинг замонавий — чалғитувчи, ёлғонга таянувчи янги тури таҳлил қилинади.

Сергей Гуриев — россиялик иқтисодчи-олим. Иқтисодиёт фанлари доктори, Париж сиёсий тадқиқотлар институти (Sciences Po) провости. Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг собиқ бош иқтисодчиси (2015−2019). «Манипулятив диктаторлар» китоби 2022 йилда чоп этилган бўлиб, Сергей Гуриев мазкур асарни Дэниел Трейсман билан ҳаммуаллифликда ёзган.

Беҳзод Ҳошимов — ўзбекистонлик иқтисодчи ва жамоат фаоли. «Иқтисодчи кундалиги» блоги, YouTube’даги «Hoshimov's Economics (Ҳошимов Иқтисодиёти)» видеоблоги муаллифи. У Дарон Ажемўғли ва Жеймс Робинсоннинг «Мамлакатлар таназзули сабаблари: Қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари» китобининг ўзбекча таржимасига муҳаррилик қилган.

«Газета.uz» аввалроқ интервьюнинг манипулятив диктаторларнинг ўтмишдаги диктаторлардан фарқи, шунингдек, бундай диктатуралар билан қандай муомала қилиш ҳақидаги қисмларини матн кўринишига келтирганди. Қуйида интервьюнинг манипулятив диктатуралардаги ижтимоий фикр, жамият кайфияти масалаларига бағишланган сўнгги қисмининг матнли кўриниши билан танишиш мумкин.

— Сиз ўз интервьюларингизда Россия [Украинага қарши босқинчилик] урушини бошлагач, манипулятив диктатурадан қўрқув диктатурасига айланганини таъкидлагансиз. Ижтимоий тармоқларда россияликлар ҳаёти уруш бошлангач унчалик ҳам ўзгармагандек туюлади. Ҳа, Москвада баъзи дўконлар ёпилди, одамлар улардаги товарларни бошқа жойдан, бироз қимматроққа оляпти. Лекин, масалан, 1937 йилдаги каби ёки совет даврининг охиридаги каби қатағонлар кузатилмаяпти. Мамлакатдаги тузумнинг манипулятив диктатурадан қўрқув диктатурасига ўзгариши оддий одамлар ҳаётига қандай таъсир қилади?

— Энди одамларнинг кайфияти ҳақида ижтимоий тармоқларни кузатиб хулоса қилиб бўлмайди. 1970-йилларда Совет Иттифоқида одамлар «ҳаммаси яхши» экани ҳақида гапирган, чунки улар қандайдир нотўғри гапни гапириб қўйса, қамалиб кетиши мумкинлигини билган. Жамият фикри бўйича сўровномаларни ўрганаётганда бу ҳақида ўйлаш керак.

Энг асосийси, биз [Россияда] цензура борлигини аниқ биламиз. 24 февралдан кейин бир ҳафта ичида барча мустақил ОАВлар ёпилгани бизга режим ўзининг машҳурлигига қанчалик ишонишини кўрсатди. Шунинг учун ҳам урушни «уруш» деб атаганингиз учун қамалишингиз мумкин бўлган давлатда жамоатчилик фикри ҳақидаги сўровномларга катта эътибор бериш керак эмас.

Ҳаёт сифати қанчалик ўзгаргани ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳа, сиз аввалгидек барча товарларни сотиб олишингиз мумкин, лекин сезиларли даражада юқори нархга. Бундай ҳолатда сиз ўзингизга савол беришингиз мумкин: нима учун мен бундай ортиқча ҳаражатларга учраяпман? Бу саволни ҳозир барча беряпти. Чунки Путин ўн минглаб инсоннинг умрига зомин бўлган урушни бошлади. [Урушда] сезиларли натижа кўрмаётгани учун Украина ва Ғарбни Россиянинг душмани деб биладиганлар ҳам нимадир нотўғри кетаётгани ҳақида гапирмоқда. Шунинг учун ҳам ижтимоий тармоқлар ва ижтимоий сўровномалар сизга объектив маълумот бермайди, деса бўлади.

— Мен Россияда охирги марта 2019 йилда бўлгандим. Ўшанда турли соҳа вакиллари билан гаплашганман ва улар менга Россияга қўйилган санкциялар, масалан, уларга Италия пишлоғини ейиш имконини бермаётганини таъкидлаганди. Лекин, аслини олганда, бу санкцияларни уларга Европа эмас, Россиянинг ўзи жорий қилди. Ҳозир ҳам Россия ҳукумати санкциялар ҳақида ҳудди шундай маънодаги гапларни айтади, деб ўйлайман. Яъни, улар сиз ниманидир қимматроқ олаётганингизга Америка ёки Европа сиздан нафратланиши сабаб, биз эмас, деб айтади. Юқорида айтганингиздек, одамларда савол уйғонмоқда. Лекин жавоб бундай бўлгандан кейин, бу россияликларни бошқа йўналишга йўналтириб юбормайдими?

— Бундай ўйлайдиган россияликлар ҳам бор. Лекин Украинани ёмон кўрадиган ва уни давлат сифатида мавжуд бўлишга ҳақли эмас деб биладиганларда ҳам савол бор: Путин ғалаба қозона олмайдиган бўлса, нима учун Украинага ҳужум қилди ва ҳамманинг ҳаётини ёмонлаштирди? Биз Игорь Гиркин-Стрельков каби уруш бошлаш, Украинани йўқ қилишни жуда истаган ҳарбий жиноятчи ҳам Путинни армиядаги ва тизимдаги коррупция учун танқид қилганини ва қамалганини кўрдик. У Путинни пишлоқ қимматлиги учун эмас, армияни қуроллантира олмагани ва жамиятни сафарбар қила олмагани учун танқид қилди. Шу сабабли, норозилар кўп. Улар айнан қанча эканини биз билмаймиз. Мен Путинни қўллаб-қувватловчилар қанча эканини билмайман, лекин бу рақам, айтилаётганидек, аҳолининг 80, 90 фоизи эмаслигини биламан.

Бир мисол келтиришим мумкин. Мен Совет Иттифоқида яшаганман. Ўша вақтда ҳамма Совет Иттифоқи Коммунистик партиясини оғизда қўллаб-қувватлаган. Иттифоқ парчалаганида ҳеч ким уни ҳимоя қилиб кўчага чиқмаган.

Иқтисодчи Тимур Куран бу нарсани «афзалликларни сохталаштириш» деб атайди. У Шарқий Германия (ГДР)ни мисол қилиб келтиради. Шарқий Германияда ҳам барча амалдаги режимдан рози экани айтиларди, лекин девор қулагач ҳеч ким унинг қайта тикланишини истамаслиги маълум бўлди. Шунинг учун ҳам, ўйлайманки, агар Путин яна қанчадир муддат яшаса, у кўп нарсадан ҳайратда қолиши мумкин.

— Беркли университети профессори Алексей Юрчакнинг «Ҳаммаси тугагунига қадар абадий эди» («Everything Was Forever, Until It Was No More: The Last Soviet Generation») деб номланган китоби бор. Яъни, режим қулагунга қадар барқарор кўриниши мумкин.

— Сиз ҳақсиз, бу Совет Иттифоқининг охирги даври ҳақида ҳикоя қилувчи ажойиб китоб ва у ўша вақтда нималар бўлганини аниқ тасвирлайди.

— Кўп россияликлар ва Россияга қайғураётган одамлар мамлакат ҳақида оптимистик фикрлайди, қачондир мамлакат демократияга айланади, деган фикр бор. Лекин Шимолий Корея ёки Туркманистон ҳақида бундай оптимизм йўқ. Нима учун [Россиянинг ҳозирги тақдири] сизга Шимолий Корея ёки Хитойникидек эмас, Совет Иттифоқиникидек кўринади?

— Мен Шимолий Корея ҳам демократияга айланади, деб ўйлайман. Фақат қачон деган савол бор. Агар сиз 300 йил ортга назар ташласангиз, мен ҳозир яшаб турган шаҳар — Парижда қирол ҳукмронлик қиларди. У ўзини бу катта давлатни бошқариш учун Худо томонидан Ерга жўнатилган шахс, дунё етакчиси деб биларди. Унинг легитимлигига савол остига олинмасди. 100 йил ўтиб, юмшоқ қилиб айтганда шундай савол пайдо ўртага чиқа бошлади. Ҳозир Франция демократия ҳисобланади. Европанинг деярли барча мамлакатлари демократияга айланди.

Мен қайсидир мамлакатда, шу жумладан, Шимолий Кореяда ҳам демократияга қаршилик қилувчи генлар мавжуд деб ўйламайман. Улардаги маданият ва бошқа омиллар 70 йил аввал Жанубий Кореядаги шундай омиллар билан бир хил эди. Жанубий Корея эса ҳозирда демократик, фаровон мамлакат. Шу боис, Шимолий Корея эртагаёқ демократияга айланишини кутмаётган бўлсам-да, бу мамлакатда демократизация бўлмайди, дейиш мумкин эмас.

Дунё демократия томон тебранишлар билан ҳаракат қиляпти. Китобимизда ёзганимиздек, биринчи, иккинчи, учинчи тўлқин бўлган. Кейинги 5−10 йил ичида демократизациянинг тўртинчи тўлқини бошланиши мумкин. Ҳозир барчамиз ортга қараб, биз қандай қилиб ўша вақтда фалон мамлакат демократия бўлолмайди, деганмиз деб ҳайрон бўляпмиз. Буларнинг бари ўзгарувчан. Сўнгги 200−300 йиллик тарих шуни кўрсатмоқдаки, дунё чизиқли бўлмаса ҳам, зиг-заг шаклида бўлса ҳам бир тарафга қараб кетмоқда — одамлар демократияда яшашни истамоқда.

Биз бу ҳақда китобимизда ёзамиз. Биз барча сўровнома маълумотларини кўриб чиқдик ва одамлар орасида диктатурадан кўра демократия анча оммабопроқ эканини кўрдик. Замонавий диктаторларнинг кўпчилиги ўзини демократ қилиб кўрсатишга уринаётгани ҳам уларнинг фуқаролари очиқ қатағонларни кўришни истамаслигини яққол кўрсатиб турибди.

Диктаторлар ўзини демократ қилиб кўрсатишга уринаётганини кўриб, биз биламизки, улар ўз онгида фуқаролар демократияни истагани учун демократик бошқарув услублари фойдалироқ эканини англайди. Сиз одамларни қанчадир вақт алдашингиз мумкин. Лекин уларни алдашга уринаётганингизнинг сабаби ҳам улар ҳокимият устида диктаторни эмас, демократни кўришни исташи ҳисобланади.

— Демократия ҳақида ёзганимда «биз тайёр эмасмиз», «фалон халқ бунга тайёр эмас», «бизда ҳеч қачон ундай бўлмаган» каби дилни хира қилувчи гапларни эшитаман. Дарон Ажемўғлининг «Демократия иқтисодий ўсишга олиб келади» сарлавҳали мақоласига ҳақида ёзган материалимга ҳам, «жуда зўр, лекин бу бизда ишламайди» деб изоҳлар қолдиришганди. Аммо тарихни ўқисам, у менга доим оптимизм бағишлайди. Билсангиз керак, 1980-йилларда америкалик иқтисодчилар Роберт Шиллер ва Ларри Саммерс Совет Иттифоқига келиб, ислоҳотларни қандай қилиш кераклиги ҳақида маслаҳатлар берган. СССРнинг ўша вақтдаги бош вазири «халқимиз бозор муносабатларига тайёр эмас», деб жавоб берган. Шундан сўнг, 1991 йили Нью-Йорк ва Москвада сўровномалар ўтказишган ва унинг жавоблари деярли бир хил бўлган. Биз шу сўровномани Шиллернинг саволлари асосида Тошкентда ҳам ўтказиб кўрдик. Натижалар эса худди ўшандагидек чиқди, яъни, ўзбекистонликлар бозор муносабатлари ёки демократияни худди нью-йоркликлар каби яхши кўради ёки ёмон кўради.

— Албатта, мен бу мақолани биламан. Гап фақат саволларда ёки одамлар нима деяётганида эмас. Гап шундаки, Европага келган шартли ўзбекистонлик мамнуният билан демократик мамлакатда яшайди, пора бермайди, эркин сайловларда овоз беришни ёқтиради. Уни полиция ҳодими тўхтатганида, «бизда тезликни ошириш ва полиция ҳодимига пора бериш нормал қабул қилинади», демайди, қонун талабларини бажаради.

Бундан ташқари, Шимолий Корея ва Жанубий Корея, Хитой ва Тайвань мисоллари бор. Хитойда ҳам, Тайванда ҳам бир хил хитойликлар яшайди. Тайвань демократик фаровон мамлакат. Хитой Халқ Республикаси эса фаровон мамлакат эмас, асосийси, эркин ҳам эмас. Биз Тайвандан Хитойга кўп одамлар кўчиб кетаётганини кўряпмизми? Йўқ, кўрмаяпмиз. Бугунги кунда Тайвань ривожланган иқтисодиётга эга, демократик жамият ҳисобланади. Шу сабабли, хитойликлар демократияни ёқтирмайди ёки улар бунга қодир эмас дейиш — бу одатий пропаганда.

Биз китобимизда нима учун диктаторлар бундай қилишга уриниши ҳақида ҳам гапирамиз. Улар буни қандай амалга оширишини тушунтирамиз.

Ўзбекистон демократияга тайёр эмас деб таъкидлаётган шартли содда ўзбекистонлик бу гапни ё пул учун айтаётган бўлади, ёки бу гапни пул учун айтаётганларга ишонган бўлади.

Баъзи мамлакатларда бу жуда оддий тузилган. Ҳокимият ОАВни сотиб олади ва «сиз бизга керакли гапни чиқарасиз, биз эса сизга ҳукумат органларининг PR қилиш учун буюртма берамиз» каби гапларни айтади. Ёки ҳукуматга яқин бизнесменлар ОАВними, алоҳида журналистларними сотиб олади. Буларнинг барчаси яхши ҳужжатлаштирилган воситалар, амалиётлар ҳисобланади. Бу ҳақда ўйлашнинг ҳам ҳожати йўқ. Ҳар биримиз бунга миллионлаб мисолни биламиз. Шунингдек, бу бўйича сабаб-оқибат боғлиқликларини кўрсатиб берган илмий мақолалар ҳам етарлича бор.

— Россиянинг Украинага ҳужум қилганини ҳам шу дискуссиянинг давоми сифатида қабул қилиш мумкинми? Украинлар ҳам Совет Иттифоқида туғилган, уларнинг таълим даражаси, иқтисодий ҳолати россияликларники билан деярли бир хил. Яъни, Украина бирданига демократик мамлакатга айланса, россияликлар учун витринага айланиши ва бу Путин режимига хавф туғдириши мумкинмиди? Урушнинг асосий сабабларидан бири шу эмасми?

— Албатта, бу жуда муҳим аргумент. Асосий сабаб экани ёки йўқлигини айта олмайман. Баъзилар Путин икки йилни изоляцияда ўтказгани ва унинг фикрлашида ўзгаришлар кузатилгани ҳақида айтишади. Баъзи нейрохирургик тадқиқотлар сиз узоқ вақтни изоляцияда ўтказсангиз, фикрлаш тарзингиз ўзгаришини кўрсатади.

Лекин, аслида, сиз айтаётган омил мавжуд. Украина кўп жиҳатлар бўйича Россияга энг яқин мамлакат ҳисобланади. Коррупцияни енгган Грузия масаласи ҳам бор. Биргина шу нарсанинг ўзиёқ Путин грузиялик реформаторларни қаттиқ ёмон кўриши учун етарли бўлди. Чунки бу худди, сиз айтганингиздек, витрина бўлди. Россиядан ҳам кўпроқ коррупциялашган мамлакат кўчадаги коррупцияни енгди. Энди эса кўп одамлари айни тилда гаплашадиган Украина бирданига эркин мамлакатга айланмоқда, балки фаровон мамлакатга ҳам айланар. Бу нарса Путин учун хавфли ҳисобланади.

Лекин бошқа масала ҳам бор. Бу мамлакат ичидаги машҳурлик даражаси ҳисобланади. Путин Украинага биринчи бор 2014 йилда ҳужум қилди. Бунгача унинг рейтингги кетма-кет бир неча йил пасайиб келди. Иқтисодий ўсиш модели ўз манбаларини йўқотди.

Ҳатто нефтнинг нархи юқори бўлиб турган ҳолатда ҳам Путин юқори иқтисодий ўсишга эриша олмаслиги маълум бўлди. Чунки коррупция даражаси, давлатнинг ва Путиннинг дўстларининг иқтисодиётдаги улуши жуда юқори эди. Иқтисодий ўсиш пасайди, у билан биргаликда эса Путиннинг машҳурлик даражаси ҳам пасайди. Путин эса бу машҳурлик даражасини шунчаки Қримни босиб олиб қайта тиклади. Ҳеч ким Россияда империя нарративи бунчалик қўллаб-қувватланишини кутмаганди. Ўйлайманки, Путиннинг ўзи ҳам шунчаки бошқа мамлакат ҳудудини босиб олиб бунчалик қўллаб-қувватловга эришишини кутмаган.

2022 йилда ҳам шундай вазият кузатилди. Биз Путиннинг рейтинги тушиб бораётганини кўрдик, Қрим эффекти йўққа чиқди, масалан, Навальнийнинг YouTube канали таъсири ўсиб борди. Шунинг учун Путин дастлаб Навальнийни заҳарлашга уриниб кўрди. Лекин бу натижа бермади ва рейтинг пасайишда давом этди ва Путин 2014 йилда қилган ишини такрорлашга уринди.

Менимча, агар у Киевни бир ҳафтада қўлга киритганида, уни қўллаб-қувватлаш даражаси ошар эди. Ҳозир уни қўллаб-қувватлаш даражаси қандай эканини биз билмаймиз. Лекин агар бу содир бўлганида Игорь Гиркин-Стрелков каби одамлар катта эҳтимол билан Путинни танқид қилмас, балки асосий тарафдорлари бўлар эди. Лекин ундай бўлмади.

Балки Путин ўз армияси қанчалик ёмон эканини билмагандир, балки у украиналикларга етарлича баҳо бера олмагандир, балки у Ғарбнинг бир-бирини қўллаб-қувватлашига етарлича баҳо бермагандир, хуллас, қайсидир сабабларга кўра у ўз мақсадига эриша олмади.

Баъзи одамлар у бунга анча яқин бўлгани ҳақида гапирмоқда. Масалан ҳозирда Киев яқинидаги Гостомель аеропорти учун жангнинг деталлаштирилган маълумотлари мавжуд. Бу аэропортнинг тақдири қил устида турганди ва, агар Путин уни эгаллаб олганида, 1968 йили Чехославакия билан бўлгани каби ичида десантлари бўлган катта транпорт бортларини жўната олган бўларди. У буни уддалай олмади. Бунинг сабабларидан бири эса унинг етарлича маълумотга эга эмаслиги ҳисобланади. Бу эса нодемократик тизимларнинг камчилиги эмас, ёндош сифатларидан бири ҳисобланади.

Диктаторлар фуқаролик жамиятини, оппозицияни, ОАВни йўқ қилади, бу эса бир томондан ҳокимиятни сақлаб қолишга ёрдам берса, бошқа томондан қабул қилинаётган қарорларнинг сифатини кескин тушуриб юборади.

— Яъни, қуролли кучларда қайсидир маънода тескари селекция мавжуд. Компетентлик тангасининг иккинчи томони садоқатлилик ҳисобланади.

— Ҳа, бу бўйича Георгий Егоров ва Константин Сониннинг «Диктаторлар ва вазирлар» номли мақоласи бор. Агар сизнинг атрофингизда лавозимига лойиқ инсонлар кўп бўлса, бу ҳокимиятни сақлаб қолишингиз учун хавфли ҳисобланади.

— Менда яна бир савол бор. Путиндан кейин Россиядаги империя сентименти билан қандай яшаш керак бўлади? Путиннинг сиёсий оппенентлари ҳисобланган Михаил Ходорковский, Алексей Навальнийлар ҳам, юмшоқ қилиб айтганда, бу сентимент билан ҳисоблашмасликни уддалаган инсонлар саналмайди. Навальнийнинг сайловолди кампанияларида, Ходорковскийнинг интервьюларида буни кўриш мумкин. Нима деб ўйлайсиз, бу масала тақдири кейинчалик қандай кечади?

— Менимча, бу нарса ҳақида ҳозир гаплашиш 2014 йилдагидан кўра осонроқ бўлади. Тўғри айтяпсиз, 2014 йилларда Ходорковский ҳам, Навальний ҳам, юмшоқ қилиб айтганда, ҳозир қўшилиш қийин бўлган фикрларни айтишган. 2022 йилги урушдан кейин уларнинг иккови ҳам Украина 1991 йилги чегараларини қайтариб олиши кераклиги ва Россия репарация тўлаб бериши лозимлиги, россиялик ҳарбий жиноятчилар маҳкамага тортилиши кераклигини таъкидлади.

Бу гапларнинг барчаси бир неча бор омма олдида айтилди ва ҳужжатлаштирилди. Нима учун? Чунки барчамиз кўрдикки, мана шу империя нарративи Россияни жар ёқасига олиб келди. Балки Путин ҳозир бундай деб ўйламаётгандир. Лекин Путиндан бошқа барча у нафақат Украинани, балки, Россия келажагини ҳам вайрон қилганини тушуниб турибди.

Албатта, империя ностальгияси, империя нарративидан қутулиш қийин ва биз буни, масалан, Гитлердан кейинги Германия мисолида кўрганмиз. Бу нарса кўп вақт олиши мумкин, лекин буни амалга ошириш керак.

Мен 2020 йилда Алексей Навальнийдан интервью олганман. У ўша вақтда яққол фуқаролик Россиясининг тарафдори эди, империянинг эмас. Шунинг учун, 2014 йилдан бери барчаси ўзгарди дейиш мумкин. 2022 йилдан кейин барча нормал россияликлар учун Россия империя бўлиб қолиши кераклиги ҳақида гапириш уят бўлиши керак. Россия, албатта, агрессор ва империя нарративи Россияни ҳалокатга олиб келди.

— Ҳозир Қозоғистон, Грузия, Озарбайжон, умуман қаерга борманг, барчанинг тилида бир гап: Путиндан кейин ҳам Россия қандай бўлиши аниқ эмас. Шундай бир машҳур модель бор эди: Путин аввал Чеченистонда уруш олиб борди ва Ғарб ҳам, мамлакат ичидаги мухолифат ҳам бунга жиддий қаршилик қилмади, кейин Грузия, кейин қайсидир маънода Сурия, кейин эса Қрим воқеалари кузатилди. Россия оппозицияси эса, агар шундай дейиш мумкин бўлса, ҳокимиятдагилардан ҳам кўра жанговарроқ кайфиятда эди. Кўпчилик Навальнийнинг 2008 йилги гапларини эслайди ва Украинадан кейин ҳокимият алмашса ҳам сентимент ўзгармайди, деб ҳисоблайди. Сиз элита бу уруш келтирган зарар ва ундан олинган дарсни ўзлаштирди, деб ҳисоблайсизми?

— Бунга ҳеч қандай кафолат йўқ. Масалан, Германия Биринчи Жаҳон урушида мағлуб бўлди ва кейинчалик «биз бу урушни ютқазмадик, аслида яҳудий банкирлар бизнинг ортимиздан пичоқ урди» деган Гитлер пайдо бўлди. Оқибатда янги немис империяси ва янада даҳшатлироқ уруш юзага келди. Шунинг учун ҳеч нарсага кафолат бериб бўлмайди. Лекин айнан шу нарса ҳақида ўйлаш лозим. Буни ёдда тутиш ва яна бир империалистик миллий ғоя қанчалик зарарли бўлиши мумкинлигини тушуниш керак. Тарихда кафолатланган натижалар бўлмайди.

Россиянинг қўшнилари ундан хавфсираётгани ҳам жуда нормал. Россия — унга қўшни бўлиш қўрқинчли ҳисобланган мамлакат. НАТОнинг кенгайиши Россияни провакация қилди, деб айтаётганда эса НАТО ва Европанинг қўшниси бўлган мамлакатларнинг барчаси урушни истамаса, НАТОга қўшилиш кераклигини аниқ тушунганини ёдда сақлаш керак. Ҳаммамиз кўриб турибмизки, НАТОга аъзо бўлган мамлакатларнинг барчаси тинч яшамоқда. Россиянинг НАТОга аъзо бўлмаган барча ғарбий ва жанубий қўшнилари эса хавфсизлик масаласида муаммоларга эга.

Албатта, Россияга қўшни мамлакатларда яшаётган, империя ресентименти қайта уйғонишидан хавотирланаётган инсонларни муҳокама қилиш менга эмас. Лекин бу бўйича кўп ўйлаган инсон сифатида, агар Россия империя нарративидан воз кечса, нормал мамлакатга айланса, тинч, демократик фуқаролик жамиятини қурса, бу Россиянинг ҳар бир фуқароси учун фойдали бўлади, дейишим мумкин.

Россия мухолифат етакчилари аввал айтган гапларга келсак, фикрингизга қўшиламан. Навальний бу гаплари учун, кеч бўлса-да, узр сўраган.

— Cўнгги саволим. Нима учун Россия ҳукумати учун рубль курсини назорат қилиш бунчалик муҳим?

— Бу оддий савол ва юқорида сиз билан муҳокама қилган саволларимизга бевосита боғлиқ. Рубль курси ҳар бир Россия фуқароси ҳар куни кўриши мумкин бўлган нарса. Улар қайси кўрсаткичлар эълон қилинаётгани, қайсилари эълон қилинмаётгани, улар нимадан дарак бераётгани, ЯИМ нимани англатиши ҳақида ўйлаши шарт эмас. Рубль курси — бу ҳар бир одам ўз чўнтагида тўғридан-тўғри ҳис қиладиган нарса.

Агар рубль кучсизланса, импорт қилинаётган ва Россиянинг ўзида ишлаб чиқарилаётган товарлар нархи ошади. Шу сабабли, россиялик сиёсатчи сифатида Владимир Путин учун рубль курси сиёсий ўзгарувчи, иқтисодий эмас. Шу сабабли, унга долларнинг 100 рубллик психологик чегарадан ўтиб кетмаслиги муҳим. Россиялик фуқаро алмаштириш шохобчасидаги таблода битта катакча камлик қилаётганини кўрса, нимадир жойида эмаслиги ҳақида ўйлай бошлайди. Шу сабабдан Путин барча вазирларни, Марказий банк вакилларини чақириб, «илтимос, рубль жуда кучсизланиб кетмаслиги учун нимадир қилинглар», дейди. Бу, албатта, сиёсий баёнот.

Иқтисодий тарафдан 100 рубллик чегарада ҳеч қандай мўъжиза рўй бермайди. Россия Марказий банки 10 йилдан буён рублнинг сузиб юрувчи курси сиёсатини амалга оширмоқда ва рубль кучсизланганда унинг кучсизланишига қўйиб бериши лозим. Бошқа томондан эса, уруш бошлангандан бери регулятор рублни конвертация қилиб бўлмайдиган қилиб қўйди. Шу сабабли, курс жуда кўп маълумот беролмайди. Лекин Россиянинг кўп фуқаролари буни тушунмайди ва ҳар куни курсни кузатиб боради.