Иқтисодчи, Париж сиёсий тадқиқотлар институти провости ва профессори Сергей Гуриев YouTube’даги «Ҳошимов иқтисодиёти» каналига ўзининг ҳаммуаллифлигидаги «Spin Dictators» («Манипулятив диктаторлар») китоби ва ундаги мавзулар юзасидан интервью берди. Китобда диктаторларнинг замонавий — чалғитувчи, ёлғонга таянувчи янги тури таҳлил қилинади. «Газета.uz» аввалроқ интервьюнинг манипулятив диктаторларнинг ўтмишдаги диктаторлардан фарқига бағишланган бир қисмини матн кўринишига келтирганди. Қуйида интервьюдан олинган навбатдаги мантиқий бўлак билан танишиш мумкин.

Сергей Гуриев — россиялик иқтисодчи-олим. Иқтисодиёт фанлари доктори, Париж сиёсий тадқиқотлар институти (Sciences Po) провости. Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг собиқ бош иқтисодчиси (2015−2019). «Манипулятив диктаторлар» китоби 2022 йилда чоп этилган бўлиб, Сергей Гуриев мазкур асарни Дэниел Трейсман билан ҳаммуаллифликда ёзган.

Беҳзод Ҳошимов — ўзбекистонлик иқтисодчи ва жамоат фаоли. «Иқтисодчи кундалиги» блоги, YouTube’даги «Hoshimov's Economics (Ҳошимов Иқтисодиёти)» видеоблоги муаллифи. У Дарон Ажемўғли ва Жеймс Робинсоннинг «Мамлакатлар таназзули сабаблари: Қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари» китобининг ўзбекча таржимасига муҳаррилик қилган.

— Шундай қийин дилемма мавжуд: бир томондан, манипулятив диктаторлар ҳам диктатор, уларни демократлар қаторига қўшиб бўлмайди, деб айтиш ва улар билан шунга яраша муомала қилиш керак. Бу дегани — Ғарб энди улар билан ҳозирги иқтисодий, институционал алоқаларни қўллаб-қувватламаслиги керак. У ҳолда иқтисодий ўсишга путур етади. Бошқа томондан, Ғарб улар билан ишласа иқтисодий ўсишга эришилади, иқтисодий ўсиш эса манипулятив диктатураларда яшаётган одамлар ҳаётининг фаровонлашиши ҳисобланади. Масалан, Хитой ЖСТга қабул қилинганидан кейин 100 миллионлаб хитойликлар, қайсидир маънода, очликдан халос бўлганди, уларнинг ҳаёти яхшиланганди. Лекин, айни вақтда, бу Хитойдаги режимни ҳам мустаҳкамлади. Бундай вазиятда Ғарб элитаси қандай фикрлаши лозим?

— Бу ростдан ҳам қийин масала. Биз бундай вазиятда ҳамкорлик қилиш кераклигини айтамиз, лекин айни вақтда бу мамлакатнинг президентлик курсисида ўтирган одам Ғарбнинг дўсти эмаслигини ҳам ҳисобга олиш кераклигини таъкидлаймиз. Унинг мақсади ҳокимиятни имкон қадар ўзида кўпроқ сақлаб қолиш, шунингдек, Ғарбдаги демократик институтларни ҳам пора, троллинг, сайловларига аралашиш каби воситалар билан заифлаштириш ҳисобланади.

Шунинг учун биз бундай мамлакатларнинг барчасида фуқаролик жамиятини ривожлантириш, инсон капиталини ошириш, таълимни яхшилаш учун имкониятлар мавжудлигини таъкидлаймиз. Мана шундай соғлом элементлар юзасидан ҳамкорлик қилса бўлади. Бу мамлакат қандай тузилганини англаш масаласига катта инвестиция қилишни талаб этади.

Сиз бундай мамлакат тадбиркори билан савдо ёки ҳамкорлик қилаётганингизда бу бизнесмен режимнинг хизматкори ёки қурбони эканини, бойлигини режим сабабли топгани ёки режимга алоқаси бўлмаган йўл билан топганини, қанчалик рақобатбардош ва очиқ шароитларда фаолият юритганини билишингиз лозим. Бу, албатта, осон эмас. Бу ҳақда ўйлаш керак. Ғарб бунинг устида аввалгига қараганда кўпроқ ишламоқда, лекин аввалгидек хатолар ҳам қилмоқда. Баъзида санкциялардан режимга алоқаси бўлмаганлар жабр кўрмоқда.

— Манипулятив диктаторлар қандай пайдо бўлади? Улар сизга ҳокимиятни тийиб турувчи бўғинларни синдира олган оппортунистлар бўлиб кўринадими? Ёки биринчи кундан режимни заифлаштиришни режалаштирган одамлар бўлиб кўринадими? Бунда шахсларнинг тарихий ўрни қай даражада? Масалан, мен Трамп АҚШдан бошқа мамлакатда бўлганида тийиб турувчи бўғинларни синдира олган бўларди, деб ўйлайман.

— Биз бундай одамлар — манипулятив диктатор бўлишни истаган, лекин бўлолмаган Трамп ва Берлускони каби инсонлар ҳақида ҳам китобда ёзганмиз. Лекин бу воқеанинг якуни эмас, Трамп ҳали ҳам Оқ уйга қайтиш ниятида ва, афсуски, ҳамма нарса бўлиши мумкин.

Масалан, Виктор Орбан ўзининг биринчи бош вазирлиги вақтида ҳеч қандай шубҳали ишлар қилмаганди. Аммо иккинчи муддатда у барча тийиб турувчи бўғинларни йўқ қилди ва ҳозир Венгрия кўплаб сиёсатчилар томонидан нодемократик мамлакат сифатида кўрилади. Биз ҳам уни манипулятив диктатура деб ҳисоблаймиз. Ҳақиқатан ҳам кўплаб етакчилар демократияни манипулятив диктатурага айлантиришни истайди.

Баъзида манипулятив диктатура тескари йўналишда юзага келади. Сизда қўрқув диктатураси бўлса, қўрқув диктатори ўлади ва унинг ворислари ҳамда атрофида бўлганлар «биз аввалгидек бошқара олмаймиз, биз глобал дунёнинг бир қисми бўлишни истаймиз», дейди ва инвестицияларни жалб қилади. Бу орқали ўз халқи орасида кўпроқ машҳурликка эришади ва, мос равишда, қўрқув диктатурасини эмас, манипулятив диктатурани қуради. Ғарбга «биз энди бошқачамиз, биздан санкцияларни олиб ташланг, биз сиз билан уруш эмас, савдо қилмоқчимиз, биз барча сиёсий маҳбусларни қўйиб юборамиз, қамоқда қолаётганлар эса фақат сиёсий бўлмаган сабаблар туфайли ўша ерда», дейди.

Бу аргумент ҳам яшашга ҳақли, чунки кучли диктатурадан кейин ҳокимиятга кўпинча ўзини демократиядек қилиб кўрсатувчи юмшоқроқ диктатура келади.