27 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Россия банки асосий ставкани бирданига икки фоиз пунктга — 13 фоиздан 15 фоизга оширди. Регулятор бу қарорни проинфляцион босимнинг кучайиши билан изоҳлади.

«Жорий инфляция босими сезиларли даражада ошди ва Россия банки кутганидан юқори», — дейилади регулятор баёнотида.

Асосий ставкани ошириш сабаблари орасида РФ Марказий банки «маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш имкониятларидан тобора ортиб бораётган ички талабнинг ўсиши» ҳамда «кредитлашнинг юқори ўсиш суръатлари»ни ҳам таъкидлади.

Бу 2023 йил июлидан бери асосий ставканинг кетма-кет тўртинчи ўсишидир. Июлда Россия Марказий банки асосий ставкани 8,5% га оширганди. Август ойида рублнинг пасайиши ва инфляция босимининг ошиши фонида бу кўрсаткич 12 фоизга, сентябрда эса 13 фоизга кўтарилди.

The Bell нашри иқтибос келтирган молиявий таҳлилчилар ва иқтисодчилар асосий ставканинг ошиши яқин ойларда рублнинг долларга нисбатан курсини барқарорлаштиришини кутишмоқда. Нашрнинг қўшимча қилишича, Марказий банк қарорига рубль ўртача ўсиш билан жавоб берган: ўша пайтда доллар 92,7, евро эса 97,8 рубль атрофида бўлган.

Аввалроқ Ўзбекистон Марказий банки асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди. Регуляторнинг таъкидлашича, жорий инфляция ва асосий савдо ҳамкорларидаги валюта курслари билан боғлиқ вазият «сўмнинг реал самарали айирбошлаш курсининг мустаҳкамланишига босимни кучайтирмоқда».