Россия банки 15 август куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари йиғилишда асосий ставкани 8,5 фоиздан 12 фоизга оширди. Бу ҳақда регулятор сайтида хабар берилди. Қарор «нарх барқарорлигини таъминлаш учун рискларни чеклаш мақсадида қабул қилинди», деб таъкидлади Марказий банк.

«Инфляция босими ортиб бормоқда. 7 август ҳолатига кўра йиллик инфляция 4,4 фоизгача ошган. Шу билан бирга, нархларнинг ҳозирги ўсиш суръати тезлашишда давом этмоқда. Йиллик ҳисобда охирги уч ойда ўртача ўсиш мавсумий тузатишларни ҳисобга олганда 7,6 фоизни ташкил қилди. Базавий инфляциянинг худди шундай кўрсаткичи 7,1% гача ўсди», — дейилади хабарда.

Ишлаб чиқаришни кенгайтириш имкониятларидан ошиб кетадиган ички талабнинг ўсиши инфляция босимини оширади, импортга бўлган талабнинг ошиши эса рубль курсининг динамикасига таъсир қилади. Натижада рубль заифлашувининг нархларга таъсири ортиб бормоқда ва инфляция кутилмалари ўсмоқда, дея таъкидлади Марказий банк.

Бу бир ойдан камроқ вақт ичида ставканинг иккинчи бор кўтарилишидир. Июль ойи охирида Россия банки уни 7,5 фоиздан 8,5 фоизга кўтарган. Бунгача ставка 2022 йил сентябрь ойидан бери ўзгармаган.

Режадан ташқари йиғилиш чақирилишидан олдин рубль сезиларли даражада заифлашди — 14 август куни биржа очилишида у АҚШ долларига нисбатан 100 дан ошиб кетди, тушлик пайтида эса 1 доллар учун 101 га тушди. Шу билан бирга, ўша куни эрталаб Марказий банк валюта курси билан боғлиқ вазият молиявий барқарорликка таҳдид солмаслигини маълум қилди. Кечқурун Россия банки режадан ташқари директорлар кенгаши чақирилишини эълон қилди. Йиғилиш ҳақидаги эълондан сўнг рубль бирдан мустаҳкамланиб, долларга нисбатан 97,7 атрофида бўлди, — деб ёзади «РБК».

Ўзбекистонда 10 август куни доллар курси бирданига 400 сўмга (+3,5 фоиз) ошиб, 12 минг сўмдан кўтарилди. Ўзбекистон Марказий банки Россия рублининг қадрсизланишини сўмнинг заифлашиши сабабларидан бири деб атади.

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов рубль курсининг пасайиши Ўзбекистон экспортёрлари даромади ҳамда пул ўтказмалари қисқаришига олиб келишини таъкидлади.

Январь-июнь ойларида Ўзбекистонга 5,2 миллиард доллар (Россиядан 85 фоизга яқин) пул ўтказмалари келиб тушган, бу ўтган йилнинг шу кўрсаткичидан 21,5 фоизга кам. Марказий банк 2023 йил охиригача тушумлар ҳажми 11−11,5 миллиард долларни ташкил этишини прогноз қилмоқда, бу 2022 йилга нисбатан 32−35 фоизга кам дегани.

Марказий банк иккинчи чоракдаги пул-кредит сиёсати шарҳида меҳнат муҳожирларини қабул қилаётган асосий мамлакатларда ишчи кучига бўлган юқори талаб шароитида меҳнат ҳақининг эҳтимолий оширилиши валюта курси пасайиши таъсирини қисман қоплаши мумкинлигини таъкидлаган.