Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтаётган Пара Осиё ўйинларининг 3-кунида ўзбекистонлик спортчилар аввалги кунларга қараганда камроқ медалга эга чиқди: яна 16 та медаль (биринчи ва иккинчи кунларда мос равишда 20 ва 18 та эди).

Олтин медаль:

Пара енгил атлетиканинг Т13 классида эркаклар ўртасидаги узунликка сакраш баҳсларида Дониёр Ахмедов 6.88 метр натижа билан 1-ўринни олди.

Пара таэквондо бўйича Гулжаной Наимова (+65 кг) барча рақибларини мағлуб этди.

Пара енгил атлетиканинг ядро улоқтириш дастурида бронза медалини олган Моҳигул Ҳамдамова эртаси куни диск улоқтириш баҳсларида олтин медалга эга чиқди.

Пара енгил атлетиканинг узунликка сакраш баҳсларида Асила Мирзаёрова олтин медаль олди. У аввалги Пара Осиё ўйинларининг бронза медали соҳиби, Токиода ўтган Паралимпиада ўйинларининг кумуш медали эгасидир.

Муҳаммад Рихсимов эса ядрони 14.52 метрга улоқтирди ва биринчи бўлди.

Кумуш медаль:

Пара дзюдо: Муниса Мадримова (-70 кг) делегация ҳисобига кумуш медални қўшиб қўйди.

Пара дзюдочи Феруза Эргашева (+70 кг) ҳам кумуш медалга эга чиқди.

Пара пауэрлифтинг бўйича аёллар ўртасида -55 кг вазн тоифасида баҳсларда иштирок этган Муслима Нуриддинова 107 кг тошни бўйсундирган ҳолда кумуш медалга сазовор бўлди.

Пара велоспортнинг трек пойгаларида Ғолиббек Мирзаёров якунда маррага иккинчи бўлиб етиб келди.

Пара дзюдочи Аловиддин Жўрақулов (+90 кг) якунда кумуш медалга сазовор бўлди.

Бронза медали:

Пара пауэрлифтинг бўйича эркаклар ўртасидаги баҳсда (-72 кг) Бекзод Жамилов 204 кг натижа билан бронза медалга сазовор бўлди.

Пара велоспортнинг трек пойгаларида Азимбек Абдуллаев маррага 3-бўлиб етиб келди ва бронза медалига эга чиқди.

Пара енгил атлетиканинг ядро улоқтириш баҳсларида Хусниддин Норбеков 15.90 метр натижа билан бронза медалини олди.

Пара таэквондо бўйича Асад Тоштемиров (-80 кг) делегация ҳисобига навбатдаги бронза медалини қўшиб қўйди.

Яна бир пара енгил атлетикачи Ёқутхон Холбекова узунликка сакраш баҳсларида иштирок этиб, 3-ўринни олди.

100 метрга баттерфлай усулида сузиш баҳсида Азизбек Бойназаров 1:09:03 дақиқа натижа қайд этиб, бронза медалини қўлга киритди.

Пара таэквондочи Асад Анваров Ханчжоу-2022 Пара Осиё ўйинларининг бронза медалига сазовор бўлди.