Ўзбекистон Марказий банки банк тизимида долларлашув даражасини пасайтириш, имтиёзли кредитлаш амалиётини қисқартириш ва бозор тамойиллари асосида шаклланувчи фоиз ставкаларига ўтиш борасида чоралар давом эттирилишини маълум қилди.

Марказий банк бошқарувининг 26 октябрдаги йиғилишида «Пул-кредит сиёсатининг 2024 йил ва 2025−2026 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари» концептуал жиҳатдан маъқулланди.

Ўрта муддатли истиқболда банк тизими умумий ликвидлиги динамикаси ҳукумат операциялари ва уни молиялаштириш манбалари, ички валюта бозоридаги талаб ва таклиф мувозанатидан келиб чиқиб шаклланади. Бунда, 2023 йилда кузатилгани каби, 2024 йилда ҳам ликвидликни қисқарувчи тенденциянинг сақланиб қолиши қатъий пул-кредит шароитлари орқали инфляцияни чекловчи аҳамият касб этиши таъкидланган.

Банк тизими ликвидлигинининг қисқариши шароитида молиявий барқарорлик масаласи ҳам кун тартибига кўтарилиши мумкин, Марказий банк ликвидликни бошқариш инструментларидан фаол фойдаланиш орқали тизим барқарорлигини таъминлаш чораларини кўриб бориши таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг ноябрь ойида Марказий банк ўзининг мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш сценарийлари ҳақидаги ҳисоботида пул-кредит сиёсати самарадорлигини ошириш учун ҳукуматни импорт йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, хусусий тадбиркорлик субъектларини темирйўл ва ҳаво транспортига жалб қилиш, улгуржи савдони нақд пулсиз шаклга ўтказиш, имтиёзли ва йўналтирилган кредитлардан воз кечишга чақирганди.

Шунингдек, 2022 йил июлда ҳам регулятор раҳбари Мамаризо Нурмуратов Марказий банк ҳукуматдан имтиёзли ва директив кредитлар ҳажмини камайтиришни сўраганини маълум қилганди. Ўша вақтда бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров ҳам кредитлар талон-торож қилинишига барҳам бериш учун имтиёзли кредитларни йўқ қилиш ва банкларни хусусийлаштириш зарурлигини таъкидлаганди.