Ўзбекистон Марказий банки мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш сценарийлари ҳақидаги ҳисоботида самарали пул-кредит сиёсати шартларини эълон қилди.

Пул-кредит (монетар) сиёсати — давлатнинг пул массаси (мамлакатдаги барча нақд ва нақд пулсиз маблағлар) ва фоиз ставкаларини бошқариш сиёсати. Бу давлатнинг молия ва валюта бозоридаги инфляция суръатлари, миллий валюта курси, бандлик даражаси ҳамда иқтисодий ўсиш барқарорлигини назорат қилишга қаратилган ҳаракатларидир.

Келгуси йилларда пул-кредит сиёсати самарадорлигини ошириш масаласи иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалга оширилаётган қуйидаги чора-тадбирлар билан чамбарчас боғлиқ бўлади.

Биринчидан, истеъмол бозорларида рақобат муҳитини ривожлантириш. Ушбу йўналишда қуйидагилар талаб қилинади:

  • тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича ишлаб чиқилган қарор ва фармонлар ҳамда механизмларни халқаро консалтинг компаниялар билан биргаликда инвентаризациядан ўтказиш ва бозор механизмларига ҳамда рақобат муҳитига зид бўлган нормаларни бекор қилиш;
  • истеъмол товарлари импортида тариф ва нотариф чекловларни камайтириш, соҳани етарли даражада либераллаштириш, истеъмол ва инвестицион товарлар ташқи савдосида монопол ҳолатларга чек қўйиш,
    импортёрлар сонини ошириш, импорт географиясини кенгайтириш ва муқобил янги маршрутларни ишлаб чиқиш;
  • темир йўл ва ҳаво транспорти хизматлари соҳаларига хусусий корхоналарни жалб этиш, мазкур хизматлар бозорида эркин рақобат шароитларини яратиш орқали ташиш ва транспорт харажатларининг маҳсулотлар таннархига таъсирини пасайтириш;
  • монопол характерга эга корхоналар товар ва хизматлари нархларини шакллантириш механизмларининг шаффофлигини таъминлаш;
  • халқаро савдо ташкилотига аъзо бўлиш ишларини тезлаштириш ва минтақавий транспорт коридорларининг муҳим бўлагига айланиш бўйича чоралар кўриш.

Иккинчидан, МБ экспертларининг фикрича, мамлакатда хуфёна иқтисодиётни қисқартириш бўйича стратегик йўналишларни белгилаш, 2023−2024 йилларда алоҳида корхона ёки тармоқларга берилган имтиёзларни тўлиқ танқидий хатловдан ўтказиш ва бекор қилиш орқали барча бозор иштирокчилари учун тенг имкониятларни ҳамда соғлом рақобат муҳитини яратиш керак.

Бундан ташқари, импорт товарларининг ички бозордаги улгуржи савдосини фақат нақд пулсиз ҳисоб-китоб шаклида амалга оширилишини тўлиқ таъминлаш ва буни назорат қилиш учун импорт маҳсулотлари ҳаракати бўйича ягона ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш лозим.

Регулятор солиқдан қочиш ҳолатларида жазонинг муқаррарлигини таъминлаш, расмий иқтисодиётда ишлашни яширин иқтисодиётда фаолият юритишдан кўра манфаатли қилиш, бу борадаги тўсиқларни бартараф этиш, барча ахборот воситалари орқали тушунтириш ишлари кўламини кенгайтиришни таклиф қилмоқда.

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тизими доирасида шубҳали мижозлар ва операцияларни олдиндан аниқлаш индикаторларини жорий этиш ва мониторингини кучайтириш асосий вазифаларидан ҳисобланади.

Учинчи йўналиш банк тизимида трансформация ва хусусийлаштириш жараёнларининг жадаллаштирилиши ҳисобланади:

  • 2023 йилда давлат улуши юқори бўлган йирик банкларни хусусийлаштириш жараёнини мантиқий якунига етказиш, хусусан давлат улуши мавжуд банклар (Қишлоқ қурилиш банк, Халқ банки, Микрокредитбанк, Алоқа банк, Агро банк ва Миллий банкни) акцияларини оммавий очиқ савдоларга (IPO) олиб чиқиш ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда Асака банкдаги трансформация жараёнларининг фаол фазасига ўтиш;
  • 2023 йилдан бошлаб иқтисодий фаолликни рағбатлантиришда рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатувчи ва молиявий ресурсларнинг самарасиз тақсимланишига сабаб бўлувчи имтиёзли кредитлаш (фоизлари бозор фоиз ставкаларидан паст бўлган кредитлар) ва директив кредитлаш (маҳаллий ҳокимлик органлари ва давлат идоралари томонидан кредитларни белгилаб бериш) усулларидан босқичма-босқич воз кечиш чораларини кўриш;
  • банк тизимида ажратилаётган кредитларнинг 60 фоизи директив асосда ажратилган кредитлар ҳиссасига тўғри келмоқда ва айнан ушбу омил таъсирида тижорат банкларининг кредит портфелида муаммоли кредитлар улуши юқори даражада қолмоқда.

Банк хизматлари бозорида рақобатни кучайтириш ва барча иштирокчиларга тенг шароитларни таъминлаш юзасидан бошланган ишларни халқаро тажриба асосида такомиллаштириб бориш борасида тегишли амалий ишларни бажариш муҳим ўрин тутади.

МБ фикрича, давлат улушига эга банкларни трансформация қилиш ва хусусийлаштиришни муваффақиятли якунлаш келгуси йилларда давлат бюджетидан банклар капиталига пул киритиш заруратини кескин камайтиради.

Банк тизимининг бозор муносабатлари асосида фаолият юритиши таъминланади, банклар капиталини хорижий инвестициялар ва хусусий инвесторлар маблағлари ҳисобидан ошириб бориш ва шу орқали иқтисодиётда пул оқимларининг самарали тақсимланиши натижасида истиқболли лойиҳаларни кредитлаш кўламининг кенгайишига шароит яратилади.