Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 25 октябрь куни Қаршида бўлиб ўтган йиғилишда қишлоқ хўжалигида ёндашувларни ўзгартириш вақти келганини кўрсатиб ўтди, дея хабар қилди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Президент бу йилги мавсумдан тўғри сабоқлар чиқариш кераклигини таъкидлади. Давлат раҳбари, шунингдек, ҳозирда келгуси йилдан бошлаб фермерларга кластерларни ихтиёрий танлаш ҳамда ҳосилнинг шартномадан ортиқча қисмини эркин сотиш имкониятини бериш масаласи муҳокама қилинаётганини билдирди.

Айни пайтда фермерлар бир кластерга бириктирилгани сабабли пахта ёки бошқа экинларнинг харид нархини белгилашда чорасиз аҳволда. Ўтган йили энг кам харид нархи 10 минг сўм этиб белгиланган бўлса, жорий йилда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги энди нарх бозор, яъни харидорлар (кластерлар) ва сотувчилар (фермерлар) томонидан тартибга солиниши ҳақида маълум қилган эди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан жорий мавсум учун тавсия этилган минимал нарх 8000 сўмни ташкил этади. Кластерлар эса асосан биринчи пахта теримини 6500 сўмдан сотиб олди (иккинчи ва кейинги теримлар учун нарх янада паст). Буни қисман фермерларнинг ўз далаларидаги пахта териб олиш истаги йўқлиги билан изоҳлаш мумкин, шу боисдан президент маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниев кластерларга фермерларга қараб ўтирмасдан пахтасини териб олишга рухсат берди.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Тожикистон билан бирга қишлоқ хўжалиги ерларини хусусийлаштириш имконияти ҳали ҳам мавжуд бўлмаган дунёдаги кам сонли давлатлардан бири бўлиб қолмоқда.

Тўқимачилик, ерлар деградацияси ва яйловлар

Қашқадарё республикада энг кўп дон ва пахта етказиб беради. Лекин вилоятда иш ўрнини кўп яратадиган мато тўқиш 30 фоиздан ошмайди, матони бўяш йўлга қўйилмаган. Ваҳоланки, буни ҳисобидан қўшимча 60 минг ёшлар ва аёлларни банд қилиб, 500 млрд сўм тушумни таъминлаш мумкин, дея маълум қилди давлат раҳбари.

Шу боис келгуси йил давомида вилоятда 370 млн долларлик 33 та йирик лойиҳа ишга туширилади. Бу орқали тайёр трикотаж маҳсулот ишлаб чиқариш 1,6 баробар, мато ишлаб чиқариш 3,1 баробар ошиб, 8 мингта иш ўрни яратилади.

Вилоятда Тўқимачилик технопаркини ташкил қилиш ва у ерга Европанинг таниқли брендларини олиб келиш топширилди.

Келгуси йилда Қашқадарёда экин майдонларининг агрокимёвий тупроқ таҳлилини ўтказадиган 10 та мобиль лаборатория ташкил қилинадиган бўлди.

Вилоятда 1,4 млн гектар яйлов бор. Бу — 7 млн бош қорамол ва қуй-эчки учун табиий озуқа базаси.

Лекин, Миришкор, Муборак ва Нишонда 20 фоиз яйлов деградацияга учраган, яна 25 фоизида яшил қоплама йўқ. Шу боис, келгуси йилда 100 минг гектар яйловни яшил экинлар билан қоплаш дастурини амалга ошириш вазифаси қўйилди.

Бунда қурғоқчилик, иссиқ ва чўлланишга қарши уруғчилик хўжаликлари ташкил қилинади, мева-сабзавот ва доривор ўсимликлар экилади, кўп йиллик дарахтзорлар барпо қилинади, сув тежовчи технологиялар жорий этилади ҳамда қуёш энергиясида ишлайдиган насослар ўрнатилиб, ёмғирлатиб суғориш пилот лойиҳаси ишга туширилади.

Бундан ташқари, Чорва моллари генетик тадқиқоти лабораторияси ташкил қилиниб, Испаниянинг «Ассаф» қўйларидан янги миллий зотлар кўпайтирилади. Мутасаддиларга 1,4 млн гектар яйловнинг электрон харитасини яратиш ва 100 минг аҳолини банд қилиш бўйича топшириқлар берилди.

2022 йил июль ойида Самарқанд вилояти фермерлари ҳокимликларнинг ўз фаолиятига камроқ аралашувини исташларини, ерга бўлган ҳуқуқларга узоқ муддатли кафолатлар беришни сўраб, суғурта тизими ва банк тизимидан норозиликларини билдиришган эди.