Олий таълим, фан ва инновациялар вазири бўлиб ишлаётган Иброҳим Абдураҳмонов қишлоқ хўжалиги вазири бўлди. Бу ҳақда 26 октябрь куни Қарши шаҳрида Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган йиғилишда маълум қилинди.

Аввалроқ 2022 йил август ойи охиридан буён вазирликни бошқариб келаётган Азиз Воитов лавозимидан озод этилганди.

Иброҳим Абдураҳмонов 1975 йилда Наманган вилояти Чуст туманида туғилган. 1992−1997 йилларда Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)да таҳсил олган. 2001 йил АҚШдаги Техас қишлоқ хўжалиги ва механика университетини тамомлаган.

Фаолиятини 1997 йилдан Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтида бошлаган, 2002−2012 йилларда Фанлар академияси Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти илмий ходими, катта илмий ходими, лойиҳа раҳбари, Геном технологиялар маркази лабораторияси лойиҳа раҳбари лавозимларида ишлаган.

Турли йилларда, шунингдек, Фанлар академияси фаолият юритган. 2017 йил ноябрида янги ташкил этилган Инновацион ривожлантириш вазирлиги раҳбари этиб тайинланганди.

2022 йил декабрида президент фармони билан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Инновацион ривожлантириш вазирлиги қўшиб юборилган.