23 октябрь куни Тошкент шаҳрининг бир нечта асосий кўчаларида олиб борилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишлари сабабли ҳаракат чекланиши «транспорт воситалари оқимининг қайта тақсимланишига олиб келди ва бошқа кўчалардаги мавжуд оқимга қўшимча юклама ҳосил қилди», деб хабар қилди Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Куннинг тиғиз вақтида «Яндекс харита» 10 баллни — тирбандликнинг максимал даражасини кўрсатди.

«Натижада шаҳардаги умумий ҳаракат тезлиги, йиғилиб қолган қўшимча оқим ҳисобига кескин тушиб кетди. Бу ҳолат эса, ўз навбатида, барча кўчаларда транспорт воситалари ҳаракат тезлигининг пасайишига олиб келди. Айни шу жиҳат Тошкент шаҳри жамоат транспорти — автобуслар ҳаракатига ҳам салбий таъсир кўрсатди», — дейилади хабарда.

Хусусан, Алишер Навоий, Лабзак, Сағбон, Сақичмон, Меҳржон, Кичик ҳалқа йўли, 8 март, Шота Руставели, Бобур, Ойбек, Арнасой, Истиқбол, Муқимий-Нукус ҳамда Нурафшон айланма кўчалари орқали ҳаракатланувчи 70 дан ортиқ автобус йўналишларида кунинг тиғиз пайтида қатнов вақти ҳамда оралиқ интервал вақтларига риоя этиш имкони бўлмаган.

Қайд этиш керакки, Транспорт вазирлиги ўз хабарида автобусларнинг тирбандликдан чиқиб кетишига ва Тошкент кўчаларида ҳақиқий устуворликка эга бўлишига имкон берадиган муқобил қатнов схемалари ёки чораларини таклиф қилмаган.

Душанба куни эрталаб «Газета.uz» муҳаррири Сабина Бакаева ҳам йўловчи сифатида кетаётган 80-сонли автобус Нукус кўчасида ЙТҲга учраганди.

«Душанба куни эрталаб бу ерда таъмирлаш ишлари кучайтирилди. Аввалги кунларда кўчанинг бир қисми тўсиб қўйилган ва бу ҳудудларда транспорт ҳаракати унинг бир томони бўйлаб олиб борилаётганди. Бугун эрталаб тўсиб қўйилган ҳудудларнинг узунлиги икки баравар ошди. Ҳеч ким фуқароларни бу ҳақда огоҳлантирмаган, жамоат транспорти ҳаракати ҳақида эса ўйланмаган. Бунга Бобур кўчасидаги таъмирлаш ишларини, кўприкнинг аэропортга томон кенгайиши туфайли Кичик ҳалқа автомобиль йўлида ва Нукус кўчасига олиб борувчи бир нечта кичик кўчаларда ҳосил бўлган тирбандликни қўшиш мумкин», — деди у.

Бобур ва Нукус кўчаларида тўсатдан таъмирлаш ишлари олиб борилаётганини чет эллик сиёсатчиларнинг яқин орадаги ташрифи билан изоҳлаш мумкин.

«ЙТҲга учраган 80-автобуснинг барча йўловчилари пиёда кетишди. Автобус бутун транспорт оқими марказ бўйлаб интилаётган ягона ҳаракатланиш бўлагини тўсиб қўйди. Ҳодисада айбдор ҳайдовчилар йўқ. Бунда фақат уқувсиз шаҳар бошқаруви бор, холос», — деб ёзади Сабина Бакаева.