Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яшнобод туман суди 11 июль куни 2023-йил январида ҳомиладор аёлни уриб кетиб, унинг ўлимига сабабчи бўлган Nexia ҳайдовчисига ҳукм чиқарди. «Газета.uz» бу бўйича Олий суд сайтига жойланган суд қарорини ўрганди.

Жиноят иши материалларига кўра, 3 январь куни соат тахминан 18:50 ларда Nexia-3 автомашинаси ҳайдовчиси (ҳукм матнида исми ва фамилияси яширинган) Яшнобод тумани Оҳангарон йўли кўчаси бўйлаб ҳаракатланаётганда «Янгиобод» савдо мажмуаси рўпараси тўқнашув содир этган. Суд қарорида айтилишича, судланувчи йўл ва об-ҳаво шароитларига инобатга олмай, кўринувчанлик чекланган вақтда 37 ҳафталик ҳомиладор аёл пиёда С.М.ни уриб юборган.

Оқибатда жабрланувчи оғир тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган ва олган тан жароҳатлари туфайли эртаси (4 январь) куни вафот этган. Ўлимидан олдин аёл ўғил туғган, лекин бир мунча вақт ўтгач, бола ҳам вафот этган.

Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, аёл ва чақалоқнинг ўлими бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия қаттиқ пардаси остига қон қуйилиши оқибатида содир бўлган. Аниқланишича, иккаласи ҳам бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этган.

Ҳайдовчининг айби воқеа жойидан олинган маълумотлар ва эксперт хулосалари билан ҳам исботланган.

Судланувчи ўз кўрсатмасида аёл «Янгиобод» савдо мажмуаси олдидаги тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, у 60−65 км/соат тезликда ҳаракатланар экан, «ёмғир ёғиши ҳамда олдинда ўнг ва чап бўлакларда машиналар йўқлиги сабабли» йўлнинг ўнг томонида қандай ўтганини кўрмаган. Ҳайдовчи жабрланувчини ўтиб кетаётган Damas`га ўтқазиб, касалхонага олиб кетган.

Ҳайдовчи жабрланувчига етказилган барча моддий зарарни қоплаганини айтиб, суддан енгилроқ жазо тайинлашни сўради.

Марҳумнинг онаси куёви ва ўғли хорижда экани, шу боис судда иштирок этмаётганини айтди. У судланувчига ҳеч қандай даъвоси йўқлигини таъкидлаб, суддан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўради.

Судья Анвар Икромов судланувчини Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш / муайян ҳуқуқлардан маҳрум қилиб, 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) билан айбдор, деб топди ва унга нисбатан 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳамда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шу билан бирга, суд Жиноят кодексининг 72-моддасини (шартли жазо) қўллаб, жазони шартли жазо билан алмаштириб, 3 йил синов муддати белгилади.

Суд жазони енгиллаштиришда ҳайдовчининг айбига иқрор бўлгани, ёши (аниқ ёши исми-шарифи каби яширинган), оилавий шароити, судланмагани, оилада ягона боқувчилиги, «Дамариқ» маҳалласидан олинган ижобий тавсифнома, шунингдек, жабрланувчининг қонуний вакилининг даъвоси йўқлигини инобатга олган. Унинг вакилига гаров сифатида берилган 10 миллион сўм ҳам қайтарилган.

2023 йилнинг саккиз ойи давомида Ўзбекистонда 5772 та йўл-транспорт ҳодисаси расман қайд этилган. Уларда 5448 киши жароҳатланган, 1415 киши ҳалок бўлган. Етти ойлик статистикада эса ЙТҲ оқибатида вафот этганлар сони 1115 нафар эди.

Куни кеча президент яна амалдорларни «йўллардаги фавқулодда вазият»га бефарқликда айблади. «Нимага президент ташвиш қилиб, ҳаммани «ёндириши» керак? Нимага сизлар (депутатлар) «ёнмайсизлар»? Шунча одам ўлиб кетяпти, ижтимоий тармоқларга қараб бўлмайди — дод-фарёд одамлар ўлгани учун. Ижтимоий тармоқ дегани — халқнинг овози дегани», — деди Шавкат Мирзиёев.