Шавкат Мирзиёев жума куни бўлиб ўтган йиғилишда яна мутасаддилар ва депутатларни йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ вазиятга лоқайдликда айблади. Давлат раҳбарининг нутқидан парча унинг матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

«Ёшлар ўляпти, 4000 та, 4200 та одам авариядан ўляпти. Бекордан-бекор. Сен ҳам транспорт вазири бўла туриб, шунга бефарқ бўлмасдан, президент қабул қилган қарорини, светофорларни жой-жойига қўйишга масъулмисан, йўқми? Нимага одамлар ўлиши керак чорраҳалар тўғирланмагани учун?» — дея президент транспорт вазири Илҳом Маҳкамовга мурожаат қилди.

«Нимага президент ташвиш қилиб, ҳаммани „ёндириши“ керак? Нимага сизлар (депутатлар) „ёнмайсизлар“? Шунча одам ўлиб кетяпти, ижтимоий тармоқларга қараб бўлмайди — дод-фарёд одамлар ўлгани учун. Ижтимоий тармоқ дегани — халқнинг овози дегани», — деди Шавкат Мирзиёев.

Мисол тариқасида у амалда тирбандлик бўлмайдиган Пекин ва Москва шаҳарларини келтириб ўтди ва Ўзбекистон ҳам бунга интилиши кераклигини таъкидлади.

Президент транспорт вазири ва бошқа мутасаддиларга пойтахт ва вилоятларда жамоат транспортини ривожлантириш, светофор ва белгилар ўрнатиш, тирбандликни камайтириш, кўчаларни тартибга келтириш бўйича чора-тадбирлар кўришни топширди.

У 2024 йил бу соҳада катта ўзгаришлар йили бўлишини таъминлаш вазифасини қўйди.

2022 йил февралида президент масъулларни йўл-транспорт ҳодисалари бўйича даҳшатли статистик маълумотларга қарамай, сукут сақлашда туришда айблаганди.

«Бундай фавқулоддаги ҳолатга нисбатан Олий Мажлис, маҳаллий кенгашлар депутатларининг овози эшитилмаяпти. Нимага ҳокимлар, ички ишлар, „ГАИ“, транспорт соҳаси раҳбарларининг ҳисоботи эшитилиб, масъулияти кўриб чиқилмаган? Шунинг учун бу муҳим масала билан шахсан ўзим шуғулланишга мажбур бўлдим», — деганди ўшанда Шавкат Мирзиёев.

2023 йилнинг июль ойида президент Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Олим Саидовга ҳайфсан берган ва уч вилоят ЙҲХБ раҳбарларини ишдан бўшатганди. Унинг таъкидлашича, ҳокимликлар ва «Ўзавтойўл» йўл ҳаракати хавфсизлиги масалаларига эътибор бермай, фақат асфалт ётқизиш билан овора.