23 октябрь куни Люксембургда «Европа Иттифоқи — Марказий Осиё» форматида вазирлар учрашуви бўлиб ўтди. Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель «Газета.uz» мухбирининг минтақа давлатлари билан ҳамкорлик, Афғонистон билан алоқалари ва Россиянинг Украинага қарши уруши бўйича позицияси ҳақидаги саволларига жавоб берди.

— Жорий йилнинг июль ойида Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди. Тўлиқ форматдаги биринчи саммит (Европа комиссияси раиси, Еврокенгаш президенти ва ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили иштирокида) келаси йили Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган. Бунга қандай тайёргарлик кўрилаётганини айтсангиз.

— Саммит Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида янада мустаҳкам алоқалар ўрнатиш ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги ўзаро қатъиятимиз ҳақида муҳим сиёсий сигнал бўлади. Тайёргарлик давом этмоқда ва шу душанба куни Люксембургда Марказий Осиё ташқи ишлар вазирлари билан учрашувимиз келаси йилги саммитга замин тайёрлашда муҳим қадамдир. Бошқа нарсалар қатори, ташқи ишлар вазирлари саммит олдидан биргаликдаги ҳаракатларимизни белгилаб олувчи «Европа Иттифоқи — Марказий Осиё» қўшма йўл харитасини тасдиқлаши кутилмоқда.

— Дунё бўйлаб геосиёсий нотинчлик шароитида Афғонистондаги ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, Марказий Осиё мамлакатлари учун хавф туғдириш эҳтимоли борми?

— Марказий Осиё давлатларининг барқарорлиги ва хавфсизлиги умумий манфаатимиз бўлиб, биз ҳамкорлигимиз орқали минтақа барқарорлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшишни истаймиз.

«Толибон» ҳукмронлиги остидаги Афғонистон беқарорликнинг потенциал манбаи бўлиб қолмоқда. Мамлакат дунёдаги энг оғир иқтисодий ва гуманитар инқирозлардан бирини бошдан кечирмоқда. Бу барчамизни жиддий ташвишга солмоқда.

Шу нуқтаи назардан, биз Марказий Осиёдаги ҳамкорларимиз ушбу муаммони ҳал қилиш ҳамда минтақавий барқарорликни рағбатлантиришда Европа Иттифоқи ва бошқа минтақавий шериклар билан ҳамкорликда ўйнаган конструктив ролдан миннатдормиз. Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ҳар йили юқори даражадаги сиёсий ва хавфсизлик бўйича мулоқотни ўтказади, унда биз хавфсизликка потенциал таҳдидларни, жумладан, Афғонистондаги вазият билан боғлиқ таҳдидларни муҳокама қиламиз. Охирги шундай учрашув 13 июнь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган.

— Марказий Осиё ТИВ раҳбарлари билан Люксембургдаги учрашувингизда Европа Иттифоқи ва Афғонистоннинг амалдаги расмийлари ўртасида мулоқот ўтказиш имконияти муҳокама қилинадими?

— Люксембургдаги вазирлар учрашувида Европа Иттифоқи ва Марказий Осиёдаги ҳамкорларимиз кенг кўламли масалаларни, жумладан, минтақавий ва хавфсизлик масалалари муҳокама қилинади. Афғонистондаги вазият, албатта, улардан бири бўлади.

Европа Иттифоқининг Афғонистон бўйича позицияси аниқ: Афғонистонда узоқ муддатли барқарорликка фақат турли сиёсий, этник ва диний гуруҳлар ўртасида тинч, инклюзив сиёсий жараён орқали эришиши мумкин.

Европа Иттифоқи «Толибон» режимининг билвосита ёки тўғридан-тўғри халқаро тан олинишига олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатлардан эҳтиёт бўлиб қолади, чунки бу бошқа мамлакатларда ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллаб олган экстремистик ҳаракатларни тан олиш учун бахтсиз прецедент бўлади. Бизнинг иштирокимиз 2021 йил сентябрь ва 2023 йил март ойларида Европа Иттифоқига аъзо давлатлар томонидан келишилган йўриқномалар билан белгиланиши давом этмоқда.

— Октябрь ойи бошида Европарламент Ўзбекистонни Россиянинг Украинага бостириб киришини халқаро стандартларга мувофиқ қоралашга чақирди. Марказий Осиё ТИВ раҳбарлари билан учрашувда бу масала муҳокама қилинадими ва ЕИнинг ташқи алоқалар бошқармаси ҳам Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан келган ҳамкасбларидан Москва билан иқтисодий ва сиёсий алоқаларини ҳисобга олган ҳолда Россиянинг Украинага бостириб киришини очиқдан-очиқ қоралашни талаб қиладими?

— Биз минтақавий ва халқаро муаммоларни, жумладан, Россиянинг Украинага ноқонуний тажовузини муҳокама қиламиз. Европа Иттифоқи Марказий Осиё давлатларининг Россия билан яқин иқтисодий ва тарихий алоқаларини, шунингдек, марказий осиёлик шерикларнинг бетарафлик позициясини тушунади ва ҳурмат қилади.

Айни вақтда, ЕИ Марказий Осиёдаги ҳамкорларини халқаро қонун устуворлиги ҳамда БМТ Низоми ва ЕХҲТ тамойилларига ҳурматни таъминлаш тарафдори бўлишда давом этишга ундайди. Россиянинг Украинада қилаётган ишлари ноқонуний бўлиб, халқаро ҳуқуқ ва БМТ Низомини бузади.

— ЕИ нима учун айнан уруш бошланганидан бир ярим йил ўтиб қоралаш позициясини талаб қилди?

— Европарламентнинг яқинда тутган позицияси шу ойда қабул қилинган Ўзбекистон бўйича маърузаси контекстида тасдиқланди. ЕИнинг позицияси можаронинг бошиданоқ изчил ва аниқ эди: Россиянинг Украинага қарши сабабсиз ва асоссиз босқинчилик уруши халқаро ҳуқуқни, шу жумладан БМТ Низомини қўпол равишда бузади, Европа ва глобал хавфсизлик ҳамда барқарорликка путур етказади.

Биз бу урушни бошиданоқ максимал даражада қоралашга чақирдик. Россиянинг Украинага қарши ноқонуний тажовузкорлиги Европа, шунингдек, Россияга қўшни давлатлар хавфсизлигига ҳам таҳдид солади. Биз БМТ Низоми ва ЕХҲТ тамойилларини биргаликда ҳимоя қилишимиз керак.