Ўзбекистон Адлия вазирлиги, Мактабгача таълим агентлиги ва Рақамли технологиялар вазирлиги болалар боғчасига йўлланма олиш тартибини соддалаштирди, деб хабар бермоқда Давлат хизматлари агентлиги матбуот хизмати.

Яқин вақтгача ота-оналар Давлат хизматлари марказидан йўлланма олишлари керак эди (агар ариза марказ орқали топширилган бўлса), бу вақт ва пул талаб қиларди.

Эндиликда йўлланма шаклланиши билан ота-онага ариза рақами ва махфий код SMS хабар шаклида юборилади. Ушбу код билан болалар боғчасига бориб, уни боғча мудирига кўрсатиш кифоя.

«Мактабгача таълим муассасаси раҳбари йўлланмани тасдиқловчи махфий код тақдим этмагунингизча йўлланмани кўра олмайди ва бу коррупция ҳолатларининг олдини олади», — дейилади хабарда.

2022 йилда мамлакатда боғчага 1,405 миллиондан ортиқ, 2023 йилнинг тўққиз ойида эса 1,022 миллион йўлланма берилган. Ушбу қулайлик орқали йилига 1,2 миллиондан ортиқ (6 тонна) қоғоз тежалишига эришилади, дейилади Давлат хизматлари агентлиги хабарида.

Болани боғчага қабул қилиш тартиби билан ушбу ҳаволада танишиш мумкин. Аризалар эса Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП — my.gov.uz) орқали қабул қилинади.