17 октябрдан 18 октябрга ўтар кечаси Ғазо секторидаги «Ал-Аҳли» касалхонасига зарба берилди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу бўйича берган баёнотида ҳолатни кескин қоралади.

«Ғазо секторидаги „Ал-Аҳли“ касалхонасига уюштирилган ҳаво ҳужуми оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилдик», — дейилади ТИВ хабарида.

Вазирлик ҳолатни «даҳшатли зўравонлик» деб атади ва кескин қоралади: «Буни халқаро гуманитар ҳуқуқнинг қўпол бузилиши деб ҳисоблаймиз».

ТИВ вафот этганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган ҳолда, можаро томонларини зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга ҳамда ўт очишдан тийилишга чақирди.

Сешанба куни кечқурун касалхонага зарба берилди. Фаластин ҳукумати камида 500 киши, жумладан, болалар ҳалок бўлганини маълум қилди ва ҳужумда Исроилни айблади. Исроил, ўз навбатида, шифохонага «Ислом жиҳоди» ракетаси билан зарба берилганини айтди (гуруҳ буни рад этмоқда).

Касалхонага ҳужум чоршанба куни АҚШ президенти Жо Байденнинг Исроилга ташрифи арафасида уюштирилди. Байденнинг айтишича, унинг маъмурияти вазиятни ўрганмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълум қилишича, шифохона Ғазо сектори шимолидаги Исроил ҳарбийларидан эвакуация бўйича буйруқ олган 20 та касалхонадан бири. Бироқ мавжуд нотинч вазият, кўплаб беморларнинг оғир аҳволда экани, тез ёрдам машиналари, ходимлар, шифохона ўринлари ва кўчирилганлар учун муқобил бошпаналарнинг йўқлиги сабабли буйруқни амалга оширишнинг иложи бўлмаган.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш касалхонага уюштирилган ҳужумни қоралади. Унинг таъкидлашича, шифохоналар, клиникалар, тиббиёт ходимлари ва БМТ бинолари халқаро ҳуқуқ томонидан сўзсиз ҳимояланган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам зарбани кескин қоралади.

«ЖССТ тинч аҳоли ва соғлиқни сақлаш тизимини зудлик билан фаол ҳимоя қилишга чақиради. Эвакуация буйруғи олиб ташланиши керак. Халқаро гуманитар ҳуқуқни ҳурмат қилиш керак, бу соғлиқни сақлаш тизимлари фаол ҳимоя қилиниши ва ҳар қандай ҳолатда улар ҳужум нишонига айланмаслиги кераклигини англатади», — дейилади ЖССТ баёнотида.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ҳам ҳаво ҳужумини қоралади. «Биз барча тинч аҳолини, жумладан, болаларни ва улар таянадиган инфратузилмани ҳимоя қилишга чақирамиз. Бизга зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва инсонпарварлик ёрдами зарур», — деди ЮНИСЕФ.

Ҳужум ортидан бутун Яқин Шарқда кенг кўламли норозилик намойишлари бошланди.

Иордания АҚШ президенти ва араб давлатлари раҳбарларининг саммитини бекор қилди. Фаластин миллий маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос аввалроқ музокараларда иштирок этишдан бош тортганди.

Касалхона 1882 йилда очилган ва Ғазо секторидаги энг қадимги шифохона ҳисобланади. Ҳар йили у 45 мингдан ортиқ беморни қабул қилади.