Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги «Ўзтемирйўлконтейнер» АЖнинг 35 фоиз давлат улушини хусусийлаштириш жараёни тўхтатилганини маълум қилди.

Бунинг сабаби сифатида компанияни ислоҳ қилиш ва «Ўзбекистон темир йўллари»ни холдинг компанияга айлантириш доирасида «Темирйўлкарго» АЖ сифатида қайта ташкил этиш, бунда темир йўл транспорти соҳасининг бизнес жараёнларини рақамлаштириш, бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш ва республиканинг транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш, юк ташишда таннарх ва харажатларни камайтириш кўзда тутилган.

Агентлик сентябрь ойи охирида «Ўзтемирйўлконтейнер»нинг 35 фоизлик давлат улушини хусусийлаштириш бўйича аризаларни қабул қилишни бошлаган. Битим Alkes Research томонидан консультант сифатида қўллаб-қувватланган.

Компания ҳақида

«Ўзтемирйўлконтейнер» акциядорлик жамияти 2002 йилда «Ўзбекистон темир йўллари»нинг ихтисослаштирилган шуъба корхонаси сифатида ташкил этилган. У Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб контейнерли юк ташишни ташкил этиш бўйича хизматлар кўрсатади.

Март ойида президент томонидан тасдиқланган хусусийлаштириш дастурида ЎТЙнинг «Ўзтемирйўлконтейнер»даги улушини сотиш режаси ҳам бор. Бундан ташқари, контейнер парки операторининг 4% акциялари «халқ IPOси» орқали сотилиши режалаштирилган.

Президентнинг 10 октябрдаги қарори билан «Темирйўлкарго» АЖ юк ташиш хизматларини амалга ошириш, юк вагон ва контейнер хўжалигини сақлаш ва ривожлантириш, мультимодал «эшикдан эшиккача» ташувларни йўлга қўйиш, логистика марказлари ва терминалларини ташкил этиш бўйича хизматлар кўрсатади.