Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 14 октябрь куни Тошкентда барпо этилаётган янги инфратузилма объектлари, куз-қиш мавсумига тайёргарликнинг бориши билан танишди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Жумладан, у Шайхонтоҳур туманида «Пахтакор» стадиони яқинидаги янги подстанцияни кўздан кечирди. Лойиҳа доирасида «Тракторсоз» подстанциясидан 19 километрдан зиёд кабел тортилиб, 2 та трансформатор ўрнатилди. Объек келгуси ойда ишга туширилади.

Бунинг натижасида пойтахт марказида кафолатланган 130 МВт қўшимча электр энергияси ҳосил бўлади. Шаҳардаги бошқа подстанцияларга юклама камайиб, авариявий ҳолатлар эҳтимоли 60 фоизга қисқаради, дейилади хабарда.

Давлат раҳбари бу ерда Тошкент электр таъминоти тизимини қуриш ва модернизация қилиш бўйича тақдимот билан танишди. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудовнинг маълум қилишича, айни пайтда яна 5 та подстанция қуриш ва 4 та подстанцияни таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда, улар жами 850 МВт қувват беради.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда, жумладан, пойтахтда юзага келган энергетика инқирозидан кейин 11 март куни президент «Тошкент шаҳридаги истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди. Ҳужжатга кўра, 2023 йилда Тошкентнинг электр таъминотини яхшилашга қаратилган 35 — 110 кВ кучланишли электр тармоқларини ривожлантириш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Бунинг учун 3,56 трлн сўм керак бўлади. Юнусобод шаҳри, Тошкент шаҳри ва бошқа ҳудудларда янги подстанциялар қурилади.

Навоий кон-металлургия комбинати томонидан Шайхонтоҳур туманидаги объектларни қуриш ва таъмирлаш учун 361,6 млрд сўм маблағ ажратилди.