«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 25 октябрдан 1 декабргача, «кузги дарахт экиш мавсуми» эълон қилинади, унинг доирасида 85 миллион туп кўчат экиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда чоршанба куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.

Давлат раҳбари ташаббуси билан 2021 йил ноябрь ойидан бошлаб ҳар йили 200 млн туп (кузда 85 млн, баҳорда 125 млн) дарахт экиш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Йиғилишда шу даврда 1,2 минг гектардан ортиқ яшил боғ ва жамоат парклари, 1 млн гектардан зиёд яшил ҳудуд ва қопламалар барпо этилгани маълум қилинди.

Умуман, жамиятда, масъулларда дарахтга нисбатан муносабат ўзгарди, дея қайд этди президент. Бунда барча даражадаги раҳбарлар, вазирлар, ҳокимлар, маҳалла фаоллари, жамоат арбоблари, нуронийлар, санъаткор ва спортчилар, машҳур блогерлар ўрнак кўрсатишлари муҳимлиги таъкидланди.

Бунинг учун Республика штаби ташкил қилинади. Фанлар академияси, Тупроқшунослик, Ўрмончилик институтлари, ўрмон хўжаликлари раҳбарлари ҳам штабга аъзо бўлади. Штаб тупроқ таҳлили, иқлим шароити асосида қаерга, қачон, қайси кўчат турини қанча экишни белгилаб беради.

Тайёргарлик ишлари, кўчат тарқатиш, экиш жараёнларини туманма-туман телевидение ва радио орқали ёритиб бориш муҳимлиги қайд этилди.

Аввалги хатоларни такрорламаслик

Шавкат Мирзиёев ўтган йиллардаги хатоларни такрорлашга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади. «Газета.uz» президентнинг ўзи бир неча бор таъкидлаган суғориш тизими бўлмаган жойларга кўчат экиш ҳолатлари, дарахт навларини нотўғри танлаш, парвариш қилинмаслиги, шунингдек, миллионлаб дарахтлар қўшиб ёзилгани ҳақида ёзганди (қуйидаги материалларга қаранг).

Давлат раҳбари кузги мавсумида ўтган йиллардаги хатоларни такрорламаслик шарт эканига эътибор қаратди. Бу борадаги вазиятни ўзгартириш учун эндиликда автомобиль, темир йўл, дарё, каналлар ёқалари аҳоли ва тадбиркорларга шартнома билан ер тоифаси ўзгартирмасдан бўлиб берилиши белгиланди.

Йиғилишда аҳолининг дарахт экишга бўлган қизиқишини ошириш ва рағбатлантириш ишларини янада кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Бандлик вазирлигининг Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари бундан буён маҳаллаларни ўзига йўналтирилиши, улар эса бу маблағларни дарахт экиш, парваришлаш ва тозалик тадбирларига йўналтириши таъкидланди.

Ўрмон хўжалиги агентлигига жорий мавсумда ҳар бир маҳаллага 200 тадан кўчатни бепул етказиб бериш топширилди. Бундан ташқари ҳар бир вилоят ҳокими ҳам 300 минг дона кўчатни маҳаллаларга текинга тарқатади.

Ҳар бир маҳалла ва туманда қайси дарахт яхши кўкаришини одамларнинг ўзи яхши билиши, шу боис кўчат турини аҳоли билан бамаслаҳат танлаш кераклиги айтилди.

«Яшил белбоғ» ва хусусий ободонлаштириш бўлимлари

Шавкат Мирзиёев ўрмон хўжаликларида 5 млн дона дарахт экиш, чиқинди полигонлари атрофида ва йирик саноат корхоналари ҳудудида «яшил белбоғ» яратиш, дала четларида 20 млн туп терак, тут ва узум экиш, боғча, мактаб, олийгоҳ ва шифохоналар ҳудудида 3,5 миллион дона кўчат экиш, Оролнинг қуриган тубида 100 минг гектарда «яшил қоплама»ларни барпо этиш режаларини қўллаб-қувватлади.

Йиғилишда дарахтлар ва яшил ҳудудларни парвариш қилишни яхшилаш мақсадида ободонлаштириш бўлинмалари фаолиятини такомиллаштириш масаласи кўриб чиқилди. Бу борада ҳозирда шаҳар ва туманлардаги ободонлаштириш хизматини хусусий секторга бериш, ҳар бир кўчани дарахтлари билан алоҳида-алоҳида лот қилиб, бир йиллик маблағи билан очиқ танловга қўйиш таклифи ўрганилмоқда.

Бу тартибни аввало тажрибадан ўтказиб кўриш, натижасига қараб барча туман ва шаҳарларни ушбу тизимга ўтказиш лозимлиги қайд этилди.