13 октябрь куни соат тахминан 22:30да Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани Бобур кўчасида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, оқибатда пиёдалар жароҳатланди. Бу ҳақда «Газета.uz»га пойтахт ИИБ хабар берди.

«Давлат рақами 80 Х 013 RA бўлган Spark автомашинасини бошқараётган 18 ёшли ҳайдовчи Ш. Т. (2005 йилда туғилган) Пиёдалар ўтиш жойида бошқарувни йўқотиб, уч нафар пиёдани уриб юборди», — дейилади ИИБ хабарида. Видеода ҳайдовчи тезликда қандай хавфли маневр қилганини, шундан сўнг у тормозлашга уринганини, бироқ машина пиёдалар йўлагига чиқиб кетганини кўриш мумкин.

Тўқнашув оқибатида уч киши (Qalampir.uz хабарига кўра, Ҳиндистоннинг уч нафар фуқароси), П.Х. (1983 йилда туғилган), И.Р. (1983 йил) ва Х.А. (1978 йил) жароҳатланган. Нашрнинг ёзишича, П.Х. чап болдир суяги синиши, И.Р. ва Х.А. бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши ташхиси билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган.

Ҳайдовчига тез ёрдам ходимлари томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Бошқарма хабарига кўра, ҳалок бўлганлар йўқ.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, шу куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида яна бир Spark ҳайдовчиси пиёдалар ўтиш жойида 70 ёшли аёлни уриб юборгани ҳақида хабар бергандик. Жабрланувчи тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.