Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзнефтгазинспекция» томонидан ёқилғи қуйиш шохобчаларида истеъмолчиларга бензин сотишда қоидабузарликлар аниқланди, деб хабар қилди вазирлик матбуот хизмати.

Жумладан, 25−28 май кунлари инспекция томонидан 113 та хусусий корхонага қарашли 117 та ёқилғи қуйиш шохобчасида назорат текширувлари ўтказилди.

Тадбир давомида умумий миқдори 393 минг литр нефть маҳсулотлари билан боғлиқ қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди.

Жумладан, АЁҚШлар сиғимларида сақланаётган 2,4 млн литрдан зиёдроқ нефть маҳсулотларидан намуналар олиниб, лаборатория шароитида таҳлил этилганида 230 минг литр (10%) маҳсулот сифатсиз эканлиги, 150 минг литр камомад ва 13 минг литр ортиқчаликка йўл қўйилганлиги аниқланган.

43 та ҳолатда истеъмолчилар ҳақидан ҳар 10 литрда 10 мл дан 740 мл гача уриб қолинаётганлиги маълум бўлган.

Шунингдек, тадбир давомида АЁҚШларда 450 га яқин техник ва метрологик камчиликларга йўл қўйилганлиги ҳам маълум бўлди.

Республика бўйича аниқланган қонун бузилиш ҳолатларининг асосий қисми Андижон вилояти (94 минг литр), Сурхондарё вилояти (70 минг литр), Тошкент вилояти (44 минг литр), Наманган вилояти (38 минг литр), Сирдарё вилояти (23 минг литр), Фарғона вилояти (39 минг литр), Тошкент шаҳри (18 минг литр), Жиззах вилояти (21 минг литр) ва Самарқанд вилоят (22 минг литр)ларига тўғри келмоқда.

Аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари бўйича расмийлаштирилган ҳужжатлар чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди.