«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредитлари бўйича асосий қарзини тўлаш муддати фоиз ставкалари ўзгармаган ҳолда беш йилга узайтирилди. Бу ҳақда президентнинг 10 октябрдаги қарорида айтилади, дея хабар беради Адлия вазирлиги «Газета.uz»га.

Кредитлар Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки (Ўзмиллий банк) орқали жалб қилинган, шу сабабли Марказий банкка Ўзмиллийбанкка кредитлар бўйича асосий қарзни қайтариш муддатини истисно тариқасида активлар сифатини таснифлаш талаблари ва жарималарни тўлаш муддати узайтирилиши муносабати билан қўлламасликни тавсия қилинади.

Компаниянинг жамғарма олдида қандай қарзи борлиги ҳақида маълумот берилмаган, бироқ 2017 йилда жамғарма томонидан Тошкент шаҳрида ерусти ҳалқа метро линияси қурилиши учун 140 миллион доллар ажратилган ва маблағлардан самарали фойдаланиш учун «Ўзбекистон темир йўллари» масъул бўлган.

Бундан ташқари, президент Саноатни ривожлантириш жамғармасига (капитали 1 миллиард доллар) «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига истисно тариқасида, унинг таркибидаги корхоналар кафиллиги асосида 150 миллион доллар миқдорида йиллик 5% ставкада 10 йил муддат, шу жумладан, уч йиллик имтиёзли давр билан тўғридан-тўғри кредит ажратишни топширди. Маблағлар юк ва йўловчи вагонларини ишлаб чиқариш ҳамда экспорт ҳажмини ошириш учун мавжуд қувватларни оширишга йўналтирилади, дейилади ҳужжатда.

Лойиҳалар ва улар доирасида тузилган шартномаларнинг техник-иқтисодий асослари «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» давлат унитар корхонаси экспертизасидан ўтказилиши керак.

2026 йил 1 январдан бошлаб «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ва унинг корхоналарига ўзаро тўғридан-тўғри шартномалар асосида товарларни сотиш, ижарага олиш, сотиб олиш ва етказиш, шунингдек, хизматларни кўрсатишга рухсат берилди.

ЎТЙга истисно тариқасида ҳаракатланувчи таркибни ишлаб чиқариш ва таъмирлаш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, товарлар (ишлар, хизматлар), бутловчи қисмлар ва эҳтиёт қисмлар, шунингдек, темир йўлларни таъмирлаш ва қуриш учун эҳтиёт қисмлар, асбоб-ускуналар ва дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқариш корхоналар ва уларнинг расмий дилерлари (дистрибуторлари) билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотиб олишга рухсат этилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Транспорт вазирлиги ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга истисно тариқасида 2026 йил 1 январга қадар тўғридан-тўғри шартномалар асосида энг яхши таклифларни танлаш орқали темир йўл соҳасини ислоҳ қилиш доирасида халқаро экспертлар, консалтинг, аудиторлик ва инвестиция маслаҳатчилари, шунингдек, инвестиция банклари ва бошқа ихтисослаштирилган компанияларни жалб этишга рухсат берилди. Шу билан бирга, улар билан тузилган шартномаларни ва уларга қўшимча келишувларни мажбурий экспертизадан ўтказиш талаб этилмайди.

Аввал хабар берганимиздек, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти негизида йил охиригача инфратузилма, юк вагонлари ва логистика, йўловчи ташиш (тезюрар поездлар учун алоҳида) ҳамда вокзал бошқаруви бўйича алоҳида корхоналар ташкил этилади. Давлат-хусусий шериклик доирасида Тошкент, Самарқанд ва Қўқон темир йўл вокзалларини ривожлантириш режалаштирилган. Шунингдек, «Навоий-Учқудуқ» участкасини электрлаштириш, «Тошкент-Ангрен» иккинчи электрлаштирилган линиясини қуриш ва бошқа лойиҳалар самарадорлигини ўрганиш топширилган.