Ҳозиргача Исроил ва Ғазо секторидаги можаро ҳудудларида мажбуран ушлаб турилганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари борлиги ҳақида маълумот келиб тушгани йўқ. Бу бўйича Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси баёнот берди.

Қайд этилишича, айрим оммавий ахборот воситалари Исроил-Фаластин ҳарбий тўқнашувлар чоғида асирга олинган Ўзбекистон фуқаролари ҳақидаги маълумотларни тарқатмоқда. Элчихона эса бу хабарларни рад этди.

Ўзбекистон фуқароларини Исроилда рўйхатга олиш тезлаштирилган ва соддалаштирилган тартибда амалга оширилмоқда.

Шу муносабат билан элчихона Исроилда яшаётган Ўзбекистон фуқароларига яна бир бор мурожаат қилиб, тезкор алоқа ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида ўзларининг истиқомат манзиллари тўғрисидаги маълумотларни дипломатик ваколатхонанинг электрон манзилига жўнатишни сўрайди, дейилади дипломатик миссия баёнотида.

Элчихона, шунингдек, маълумот олишда ишончли манбаларга таянишни ва тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликни сўраб, алоқа учун қуйидаги рақамларни қолдирди: 03−672−2466, 03−672−2371, 03−758−5075, 03−758−5076 ва 054−4851397.

Маълумотларга кўра, тўрт кундан бери давом этаётган урушда 1200 нафар исроиллик ҳалок бўлди. Камида 2,6 минг киши жароҳатланди. Ғазо секторида 950 киши ҳалок бўлди, 5 минг киши яраланди.

Исроил электр ва сув етказиб беришни тўхтатган минтақада гуманитар фалокат юз бермоқда, дея хабар бермоқда CNN нашри.