10 октябрь куни Ўзбекистон зилзиладан жабр чеккан Афғонистонга қарийб 100 тонна инсонпарварлик ёрдами юборди, дея хабар берди Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Инсонпарварлик ёрдами Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашев бошчилигида етказилди.

Юборилган ёрдам юки таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари: ун, буғдой, ёғ, макарон, гўшт маҳсулотлари, гуруч, шакар, шунингдек, чодир ва одеяллар, шунингдек, бирламчи тиббий ёрдам учун зарурий барча воситалар бор. Ёрдам юки My Freighter авиакомпаниясининг Boeing-747 юк самолётида Ҳирот шаҳрига етказиб берилди.

Kun.uz нашрининг ёзишича, Ўзбекистон делегациясини Афғонистон ҳукумати томонидан тузилган зилзила оқибатларини бартараф қилиш бўйича комиссия раиси Мавлавий Шарофиддин Муслим, раис ўринбосари Аҳмадулло Муттақий ҳамда транспорт ва фуқаро авиацияси вазири ўринбосари Абдулсаттор Гурвол кутиб олди.

афғонистон, зилзила, инсонпарварлик ёрдами, ўзбекистон

«Ўзбекистон — бизга ҳар доим биринчилардан бўлиб ёрдам қўлини чўзиб келган биродар мамлакат. Мен ўзим бир неча бор мамлакатингиздан келадиган кўмакни қабул қилиб, жабр кўрган халқимиз ўртасида тақсимлашда иштирок этганман. Биз Афғонистон ислом амирлиги ҳукумати ва халқи номидан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва халқига чуқур миннатдорлигимизни билдирамиз. Сизлар энг яхши қўшнимиз сифатида Аллоҳ юборган оғир синов кунларида ҳар доим ёнимизда турасиз. Халқимиз буни ҳеч қачон эсдан чиқармайди», — дея таъкидлаган Мавлавий Шарофиддин.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистонда 7 октябрь куни эрталаб 6,3 магнитудали зилзила содир бўлган. Унинг эпицентри мамлакатнинг тўртинчи йирик шаҳри ва шу номдаги вилоят маркази Ҳиротдан 40 км шимоли-ғарбда жойлашган. Зилзиладан кейин яна кичик кучланишли зилзилалар юзага келиб, бир неча қишлоқларни бутунлай вайрон қилган. 2400 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлган, 2000 га яқин аҳоли жароҳат олган. Ўзбекистон аввал ҳам мамлакатга ҳамдардлик билдирган.