Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари фуқароларни ўқишга киритиб қўйиш билан боғлиқ қатор ноқонуний ҳолатларга чек қўйди, дея хабар бермоқда департамент матбуот хизмати.

Хусусан, муқаддам фирибгарлик ва бошқа жиноятлари учун судланган Н.М. фуқаролар Х.А., Д.Ж. ва Ғ.Ж.нинг фарзандларини юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида Тошкент тиббиёт академиясига ўқишга киритиб қўйишини айтган. Бунинг учун 8 минг доллар ва 43,5 млн сўм олган.

Самарқанд шаҳрида Ш. С. фуқаро М.И.ни танишлари ёрдамида Тошкент шаҳридаги Renessans номли хусусий олий таълим муассасасига ўқишга киритиб қўйиши эвазига 2 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Сурхондарё вилоятида М.Э. фуқаро Н.Н.га Россия ёки Тожикистон давлатларидаги олий ўқув юртида ўқиганлиги ҳақида ҳужжатлар расмийлаштириб бериш орқали Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасасига ўқишга киритиб қўйишини айтган. Эвазига 8 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 28, 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.