Ўзбекистоннинг Тель-Авивдаги элчихонаси Исроилда вазият ёмонлашгани сабабли мамлакатда бўлиб турган ўзбекистонликларни эҳтиёт чораларини кўришга чақирди. Шунингдек, элчихона фуқароларнинг Исроилдан Ўзбекистонга учиш учун авиачипта олишлари мумкинлигини маълум қилди.

«Ҳозирги кунга қадар Исроилдан Ўзбекистонга учадиган авиарейслар бекор қилингани йўқ. Кетиш истагидагилар бемалол авиачипта олиб, учишлари мумкин. Ўзгаришлар тўғрисида хабар берилади», — дейилади хабарда.

Шунингдек, фуқаролардан Исроилдаги Ўзбекистон фуқаролари бўлган яқинлари, дўстлари ёки танишлари йўқолган, яраланган бўлса, консуллик бўлимини ўз вақтида хабардор қилиш сўралмоқда.

Фавқулодда ҳолатларда ва шошилинч хабарлар учун телефон рақам: +972 54 485 1397.

Uzbekistan Airways веб-сайтидаги маълумотларга кўра, Тель-Авивдан Тошкентга энг яқин рейслар 10, 12 ва 15 октябрь кунларига режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, 7 октябрь куни Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи Исроилга қарши минглаб ракеталарни учирди. Камида 40 киши ҳалок бўлди, 700 дан ортиқ киши яраланди, мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Исроил бош вазири бу воқеани уруш деб атади. Исроил авиацияси Ғазо секторига зарба беришни бошлади.

Душанба куни эрталаб Исроилда қурбонлар сони 700 дан ошди, деб ёзди The Times of Israel. Исроил соғлиқни сақлаш вазирлиги 2382 нафар қурбон борлиги ҳақида хабар берди.

Ғазо секторида ҳалок бўлганлар сони 413 кишини ташкил этди, 2300 киши жароҳат олди, дея хабар берди Reuters Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб.