Ғазо секторида Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи ташаббуси билан 7 октябрь куни ҳаво, денгиз ва қуруқликдаги операцияларни ўз ичига олган кутилмаган ҳужум бошланди. Исроил бунга қарата қирғоқ анклавини кучли бомбардимон қилиш билан жавоб қайтарди.

Al Jazeera нашрининг маҳаллий ОАВга таяниб ёзишича, ҲАМАС мамлакатга қарши кенг кўламли ҳарбий операция бошлаганидан сўнг Исроил «уруш ҳолатида» эканини маълум қилган.

7 октябрь куни Ғазо секторидан ракеталар учирилаётганда осмонда тутун кўтарилмоқда. Фото: Reuters7 октябрь куни Ғазо секторидан ракеталар учирилаётганда осмонда тутун кўтарилмоқда. Фото: Reuters

Ғазо секторини бошқараётган гуруҳ минглаб ракеталар учирган. Шанба тонгида босқин бошланганидан буён ҲАМАС аъзолари отишмаларни давом эттирмоқда.

Times of Israel нашрининг ёзишича, Исроилнинг жануби ва марказига ракета ҳужуми уюштирилган, бир неча ўнлаб жангчилар Ғазо сектори билан чегарадош Исроил аҳоли пунктларига кириб келган. Мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Ҳужум оқибатида камида 40 киши ҳалок бўлди, 700 дан ортиқ одам яраланди, деб ёзади нашр фавқулодда хизматларга таяниб.

Полиция ходимлари Ашкелон (Исроилдаги шаҳар)да ракета тушган жойдан аёл ва болани эвакуация қилмоқда. Фото: Tsafrir AbayovПолиция ходимлари Ашкелон (Исроилдаги шаҳар)да ракета тушган жойдан аёл ва болани эвакуация қилмоқда. Фото: Tsafrir Abayov

«Жангчиларнинг Исроил жанубига кириб келиши ҲАМАСнинг катта куч билан ҳаракатланаётганини кўрсатади. Ҳарбийлар Ғазо яқинидаги йўлларни ёпиб қўйгани сабабли шаҳар ва қишлоқлар бўшаб қолди. Исроил қутқарув хизмати ва Ғазодаги Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги халқни қон топширишга чақирди», — дейилади Al Jazeera хабарида.

«Биз бунинг катта нарса эканини тушунамиз», — дейди Исроил армияси вакили, подполковник Ричард Хет журналистларга. Унинг сўзларига кўра, Исроил ҳарбийлари армия захираларини ҳам сафарбар қилган.

Исроилнинг Ғазодаги зарбалари ортидан бинодан тутун кўтарилди. «Биз урушдамиз», — деди Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху телемурожаат қилиб. Фото: ReutersИсроилнинг Ғазодаги зарбалари ортидан бинодан тутун кўтарилди. «Биз урушдамиз», — деди Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху телемурожаат қилиб. Фото: Reuters

Ҳаво ҳужуми сиреналари жанубий ва марказий Исроил бўйлаб чалинмоқда, армия одамларни бомбапаноҳларга яқин туришга чақирди.

BBC`нинг Фаластин расмийларига таяниб ёзишича, Исроил ҳаво ҳужумларида 161 киши ҳалок бўлган, 1000 га яқин киши жароҳатланган.

Дунё бунга қандай муносабатда?

Исроил Эрон томонидан қўллаб-қувватланган гуруҳ уруш эълон қилганини, унинг армияси шанба куни Ғазо яқинидаги жанглар ортида турганини тасдиқлаганини айтди ва бош вазир Нетаньяху жавоб қайтаришга ваъда берди.

Бельгия

«Бельгия Исроил тинч аҳолисига қарши уюштирилган йирик ракета ҳужумларини кескин қоралайди. Зўравонлик ва террор фақат азоб-уқубатларни давом эттиради ва мулоқот йўлига тўсқинлик қилади. Бизнинг фикру хаёлимиз барча жабрланганлар билан банд. Вазиятни диққат билан кузатмоқдамиз», — деб ёзди ташқи ишлар вазири Хожа Лаҳбиб Х (собиқ Twitter) тармоғида.

Европа комиссияси

«Мен ҲАМАС томонидан Исроилга қарши уюштирилган ҳужумни, шубҳасиз, қоралайман… Исроил бундай жирканч ҳужумлардан ўзини ҳимоя қилишга ҳақли», — деб ёзди Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен Х тармоғида.

Миср

Миср Ташқи ишлар вазирлиги давлат ахборот агентлиги томонидан эълон қилинган баёнотда Исроил ва Фаластин ўртасидаги зиддиятнинг кучайиши «оғир оқибатларга олиб келиши» ҳақида огоҳлантирди.

Унда «максимал даражада вазминликни сақлаш ва тинч аҳолини қўшимча хавфга дучор қилмаслик» талаб қилинган.

Миср ташқи ишлар вазири Самеҳ Шоукри ҳам Европа Иттифоқи ташқи сиёсат бўйича масъул Жосеп Боррель билан қўнғироқлашиб, воқеалар ривожини муҳокама қилиб, жиддий хавф-хатарлардан қочиш учун ҳар икки томон ҳам вазминлик кўрсатиши кераклигини айтган.

Франция

Франция президенти Эммануэль Макрон Исроилга қарши ҳужумларни қоралаб, буни «террорчилик ҳужуми» деб атади.

«Мен ҳозирда Исроилга зарба бераётган террор хуружларини кескин қоралайман. Мен қурбонлар, уларнинг оила аъзолари ва яқинлари билан тўлиқ бирга эканимни билдираман», — деб ёзди Макрон Х тармоғида.

Франциянинг Исроилдаги элчихонаси шанба куни ҳужумларни «йўл қўйиб бўлмайдиган террорчилик ҳужумлари» деб баҳолади.

«Мамлакат воқеалардан даҳшатга тушди. Бу террор хуружларига йўл қўйиб бўлмайди ва уларни ҳамма қоралаши керак. Биз Исроил ва исроилликлар билан ёнма-ёнмиз», — деб ёзади Франция элчихонаси.

Германия

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Берлин «Ғазодан Исроилга қарши уюштирилган террор ҳужумларини қатъий қоралайди», деди.

Бербок, ҲАМАСнинг «зўравонликнинг кучайишига ҳисса қўшаётганини» айтди ва «бегуноҳ одамларга қаратилган зўравонлик ва ракеталар зудлик билан тўхтатилиши керак» дея таъкидлади.

Греция

«Греция бугун Ғазодан Исроилга қарши бошланган ракета ҳужумларини кескин қоралайди. Греция Исроил билан бирга ва зўравонликнинг қабул қилиб бўлмайдиган кучайишидан чуқур хавотирда», — деб ёзди Греция Ташқи ишлар вазирлиги Х тармоғида.

Эрон

Эрон олий диний раҳбари Оятуллоҳ Саййид Али Хоманаийнинг маслаҳатчиси Эрон фаластинликларнинг ҳужумини қўллаб-қувватлаганини айтди, деб хабар берди ISNA ахборот сайти.

«Биз фаластинлик жангчиларни табриклаймиз. Фаластин ва Қуддус озод бўлгунга қадар фаластинлик жангчилар билан биргамиз», — деди маслаҳатчи Раҳим Сафавий.

Италия

Италия «Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини» қўллаб-қувватлашини билдирди. Ҳукумат «бегуноҳ тинч аҳолига қарши амалга оширилаётган террор ва зўравонликни кескин қоралашини» билдирди.

Исроил

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху мамлакати «уруш» ҳолатида эканини ва улар «ғалаба қозонишига» ишончи комиллигини айтди.

«Душманимиз учун бу ўзи билмаган ҳолда қимматга тушади», — деди Нетаньяху видеобаёнотда.

«Ҳизбуллоҳ» гуруҳи

Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» қуролли гуруҳи Ғазодаги вазиятни диққат билан кузатиб бораётгани ва «Фаластин қаршилик ҳаракати раҳбарияти билан бевосита алоқада» экани ҳақида баёнот берди.

Исроилга ракета отган Ғазо жангчилари билан боғлиқ воқеалардан сўнг баёнотда бу ҳаракатлар «Исроилнинг давом этаётган ишғолига ҳал қилувчи жавоб ва Исроил билан яқишлашишга интилаётганларга мужда» экани қўшимча қилинган.

Фаластин президенти Аббос

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос Фаластин халқи «кўчманчилар ва ишғолчи қўшинлардан» ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга эканини айтди", — дея маълум қилди WAFA расмий ахборот агентлиги.

Польша

«ҲАМАСнинг Исроилга қарши давом этаётган ҳужумларини кескин қоралайман. Бу асоссиз тажовуз ва зўравонлик ҳаракатлари, айниқса, тинч аҳолига нисбатан қабул қилиниши мумкин эмас», — деб ёзди Польша ташқи ишлар вазири Збигнев Рау Х тармоғида.

Қатар

Қатар Ташқи ишлар вазирлиги баёнот бериб, Фаластин халқи билан давом этаётган зўравонликларнинг кучайишига фақат Исроил масъул эканини билдирди.

Баёнотда ҳар икки томон ҳам вазминликка чақирилган ва халқаро ҳамжамиятни Исроилни бу воқеалардан Ғазодаги фаластинлик тинч аҳолига қарши номутаносиб уруш бошлаш учун баҳона сифатида фойдаланишига йўл қўймасликка чақирган.

Россия

Россия Исроил-Фаластин можаросининг кучайиши муносабати билан Исроил, Фаластин ва араб давлатлари билан алоқада эканини маълум қилди, деб хабар бермоқда «Интерфакс» ахборот агентлиги ТИВ раҳбари ўринбосари Михаил Богдановга таяниб.

«Ўз-ўзидан маълумки, биз доимо вазминликка чақирамиз», — дея қўшимча қилди у.

Саудия Арабистони

Вазирлик Исроил ва Фаластин ўртасидаги «зўравонликларни зудлик билан тўхтатиш»га чақирди, дея хабар беради давлат ахборот агентлиги. «Биз бир қатор Фаластин гуруҳлари ва Исроил ишғол кучлари ўртасидаги мисли кўрилмаган ўзгаришларни кузатмоқдамиз, бу эса бир қатор жабҳаларда зўравонликларнинг юқори даражасига олиб келди».

Испания

Испания ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Хосе Мануэль Альбарес ҳужумларни қоралашини айтди.

«Биз Ғазодан Исроилга қарши содир этилган ўта жиддий террор ҳужумларини кескин қоралаймиз», дейди у.

Туркия

Туркия президенти Эрдоған исроилликлар ва фаластинликларни вазминлик билан ҳаракат қилишга ва вазиятни янада кучайтирадиган ҳаракатлардан тийилишга чақирди.

«Биз барча томонларни вазминликка чақирамиз», — деди у Анқарада ўзининг ҳукмрон партияси конгрессида.

Украина

Украина Ташқи ишлар вазирлиги Исроилга қарши «давом этаётган террор ҳужумларини» қоралади.

«Украина Исроилга қарши давом этаётган террорчилик ҳужумларини, жумладан, Қуддус ва Тель-Авивдаги тинч аҳолига ракета ҳужумларини кескин қоралайди», — дейилади вазирлик хабарида.

Буюк Британия

Буюк Британия шанба куни ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумини танқид қилди, — деди ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли.

«Буюк Британия ҲАМАСнинг Исроил тинч аҳолисига қилган даҳшатли ҳужумларини сўзсиз қоралайди. Буюк Британия ҳар доим Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлайди», — деди Клеверли ижтимоий тармоқдаги постида.