6 октябрь куни Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари ўртасида нефть етказиб бериш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, нефть маҳсулотларини темир йўл орқали етказиб тўғрисидаги битимлар имзоланди.

«Интерфакс» нашрнинг ёзишича, Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ва Россия транспорт вазири Виталий Савельев нефть маҳсулотларини темир йўл орқали етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Россия энергетика вазири Николай Шулгинов ҳам нефть етказиб бериш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида битимни имзолаган.

«Нефть маҳсулотлари учун бу узлуксиз этказиб беришни таъминлайдиган келишув бўлади, нефть маҳсулотларини битта компания етказиб беради. Иккинчи келишув — нефть маҳсулотларини темир йўл орқали етказиб бериш бўйича. Компаниялар темир йўл орқали етказиб беришда устувор аҳамиятга эга бўлиши керак», — дея аниқлик киритди Шулгинов.

Россия-Ўзбекистон музокаралари якунларига кўра, томонлар энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорликни ўзаро узоқ муддатли манфаатларга жавоб берадиган деб билиши таъкидланди. Шу мақсадда нефть-газ саноатида табиий газ ва нефтни, шу жумладан биргаликда ўзлаштириладиган конлардан ташиш бўйича янги инфратузилма объектларини қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш, янги энергия ишлаб чиқариш қувватларини қуриш ва мавжудларини модернизация қилиш, қайта тикланадиган энергия саноатини ривожлантириш давом эттирилади.

Томонлар, шунингдек, Россиядан Ўзбекистонга табиий газ, нефть ва нефть маҳсулотларини етказиб бериш соҳасида эришилган келишувларни қайд этди.

Апрель ойи охирида Ўзбекистон Энергетика вазирлиги «Газпромнефть» билан 2023 йилда 300 минг тонна нефть импорти бўйича келишувга эришган.

2023 йилда Ўзбекистонга бензин импорти бир неча баробар ошган. Биринчи тўрт ойда 335,2 млн литр келтирилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан қарийб 2 баробар кўп. Импортнинг умумий қиймати 136,67 млн долларни ёки литри учун 0,4 центни ташкил этган. Импортнинг аксар қисми Россия ҳисобига тўғри келган.