«Газета.uz» мутахассислар билан одамлар орасида иқтисодиёт ҳақида тарқалган мифлар ва янглиш тасаввурларни муҳокама қилишга қаратилган Мифономика лойиҳасини давом эттиради. Лойиҳанинг учинчи сонида иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов билан бирга халқаро бозорларда Ўзбекистонга ўрин йўқ деган миф ҳақида фикр алмашилди.

Қуйида суҳбатнинг матн шакли билан танишиш мумкин.

— Сиз Ўзбекистонда савдога тўсиқлар олиб ташланиши ва мамлакат дунёга очилиши тарафдорисиз. Ўзи Ўзбекистон иқтисодий жиҳатдан қанчалик ёпиқ мамлакат?

— Ўзбекистон Туркманистон ёки Шимолий Корея каби энг ёпиқ мамлакатлардан кўра сал очиқроқ давлат. Лекин айни вақтда дунё бозорларига, турли хил ташкилотларга, шу жумладан, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлмаган кам сонли мамлакатлар қаторига киради.

ЖСТга аъзо бўлмаган мамлакатлар жуда кам. Ҳатто ҳозир уришаётган Россия ҳам, Хитой ҳам, қўшни Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳам бу ташкилотга қўшилган.

Шунингдек, Ўзбекистон жуда кам давлатлар билан эркин савдо бўйича битимлар имзолаган. Шу маънода айтсак, минтақада ҳам, жаҳон даражасида ҳам Ўзбекистон савдо ва пул оқими бўйича нисбатан ёпиқ мамлакат ҳисобланади.

— Менга жамиятда эркин савдодан қўрқув бордек туюлади. Нима деб ўйлайсиз, бу қанчалик асосли?

— Мен ўзбекистонликлар Ўзбекистонда товарлар арзонроқ, рақобат кўпроқ бўлишини истамайди, деб ўйламайман. Аксинча, ўзбекистонликлар уларда танлов кўпроқ бўлишини, нархлар арзонроқ бўлишини, сифат юқорироқ бўлишини хоҳлайди. Бунга Ўзбекистон жаҳон ишлаб чиқариш ва савдо занжирларини аъзоси бўлиши орқали эришиш мумкин.

Бундай гипотетик фикр Ўзбекистонда кўп муҳофаза қилинган саноатларда ишлайдиган одамлар ва ҳукуматдагиларда бор. Мен бу ўзбекистонликларнинг қўрқуви деб ўйламайман. Бу миф — ҳукумат кабинетлари атрофида айланадиган мифлардан бири.

Ҳукуматда ёки ўша муҳофаза қилинган корхоналарда ишлайдиганлар ростан ҳам эркин савдодан қўрқади. Чунки улар ишлаб чиқарган товарлар сифати рақобатбардош эмас, улар субсидияларсиз яшай олмайди. Шу сабабли, халқда эркин савдодан қўрқув бор, деган мифни чуқурлаштириш улар учун муҳим.

Дунё бозорига қўшилишга иқтисодиёт ёки одамлар тайёр эмаслиги қарор қабул қилувчиларимиз орасида кенг тарқалган мифлардан ҳисобланади. Лекин бу миф унчалик ҳам ўзини оқламайди. Бир яхши мисол келтираман.

Совет иттифоқи қулашидан бир-икки йил олдин Иттифоқ расмийлари америкалик етакчи иқтисодчиларни чақириб, улардан баъзи масалаларда фикр сўраган. Иқтисодчилар мамлакатнинг катта амалдорлари, Политбюро аъзолари ва бош вазир билан учрашган. Совет иқтисодий блоки билан учрашувда амалдорлар уларга бизнинг халқимиз бозор иқтисодиётига тайёр эмас, деб айтган.

Яъни, биз ҳукумат сифатида тайёр эмасмиз дейишмайди, балки бизнинг халқимиз тайёр эмас, дейишади. Шунда америкалик иқтисодчилар халқнинг фикрини ўрганиб кўришни таклиф қилади ҳамда икки нафар рус ва икки нафар америкалик иқтисодчи Нью-Йорк ва Москвадаги инсонларнинг бозор иқтисодиётига бўлган муносабати бўйича сўровномалар ўтказади. Ўша сўровнома натижаларига кўра Москва ва Нью-Йоркдаги инсонларнинг бозор иқтисодиётига бўлган муносабати статистик даражада фарқли эмаслиги ва ҳатто москваликлар баъзи нарсаларда кўпроқ бозор тарафдори экани аниқланади.

Шунинг учун ҳам бу миф халқ орасида мавжуд деган фикрга қўшилмайман, лекин ҳукумат кабинетларида мавжуд десангиз, албатта қўшиламан. Бу улар ўзлари учун ўйлаб топган миф ва кимдир бунга ишонади, кимгадир эса бу нарсага ишониш фойдали ҳисобланади. Улар бунга ишонишининг ўз сабаблари мавжуд, агар ишонмаганида ғалати бўларди.

— Халқаро бозорда Ўзбекистонга ўрин борми? Ўзи бу қандай аниқланади?

— Бу нисбатан эски савол. Давид Рикардо вақтида шундай бир ғоя бўларди. Масалан, икки мамлакат ва икки товар мавжуд, деб олайлик. Иккала товарни ҳам бир мамлакат иккинчисидан яхшироқ ишлаб чиқаради. Иккала товарни ҳам биринчи мамлакатда ишлаб чиқариш арзонроқ бўлса, иккинчи мамлакат нимани ишлаб чиқаради?

Давид Рикардо ва ундан кейин бу масала устида ишлаган юзлаб иқтисодчилар бу нарсани чиройли моделда кўрсатиб берган. Мамлакат дунё бозорига кириши учун ниманидир ҳаммадан яхши ишлаб чиқариши шарт эмас. Дунёда биздан кўра ҳамма нарсани яхшироқ ишлаб чиқарадиган мамлакатлар мавжуд бўлса ҳам, улар ҳамма нарсани бир хил даражада яхши ишлаб чиқара олмайди.

Масалан ҳозир кўпчилик биладиган АҚШ ва Хитой мисоли мавжуд. Хитой фабрикаларида электроника маҳсулотлари ишлаб чиқарилгани учун кўпчилик бунга абсолют афзалликлар сабаб, Хитойда уларни ишлаб чиқариш АҚШдагидан арзонроқ деб ўйлайди. Ваҳоланки ундай эмас. АҚШдан арзонроқ эмас, АҚШдаги бошқа нарсалардан кўра арзонроқ. АҚШда ҳам iPhone ишлаб чиқарса бўлади, арзонроқ ҳам бўлади, лекин муқобил харажатлари кўпроқ. АҚШда завод қуриладиган ерга қандайдир кўнгилочар ёки хизмат кўрсатувчи марказ қуриш мумкин ва ҳоказо.

Уй хўжаликлари даражасида тушунтирсак, дейлик фақат сиз ва мен яшайдиган бир қишлоқ мавжуд. Бу қишлоқда фақат иккита иш қилса бўлади — ер чопиш ва балиқ тутиш. Сиз иккала ишни ҳам мендан яхшироқ бажарасиз. Дейлик, сиз бир кунда 50 квадрат ер чопсангиз, мен 10 квадрат чопаман. Сиз бир кунда 30 кг балиқ тутсангиз, мен 10 кг балиқ тутаман. Шу ўринда савол туғилади, агар сиз иккала ишни ҳам мендан яхши қилсангиз, мен бу моделда ишсиз қолиб кетишим керакми?

Жавоб шундайки, сиз мендан 5 баравар яхшироқ ер чопасиз, 3 баравар яхшироқ балиқ тутасиз. Шунда, мен 10 квадрат ер чопиб ҳам ёки 10 кг балиқ тутиб ҳам сиз билан савдолашсам бўлади. Чунки, бу ерда ер чопиш ва балиқ тутишнинг нархи орқали бу нарса белгиланади. Иккаламизнинг фаолиятимиз эмас, сизни ўзингизнинг икки хил фаолиятингиз бу ерда солиштирилади.

Агар бутун дунёни бир объект деб қарасак ва Ўзбекистон иккинчи объект десак, бутун дунё ҳамма нарсани биздан яхши ишлаб чиқарадими? Эҳтимол. Лекин дунё ҳамма нарсани бир хил даражада яхши ишлаб чиқармайди-ку.

Дейлик, Америка Boeing самолётларини биздан 1000 баравар яхши ишлаб чиқаради. Лекин помидорни 2 бараваргина яхшироқ ишлаб чиқариши мумкин. Шунинг учун ҳам помидорни Америкага сотишимиз мумкин.

Россия ва Ўзбекистонни ҳам солиштирсак. Нима учун Ўзбекистон Россияга помидор сотади? Бунинг сабаби абсолют афзалликларда эмас, сабаб нисбий афзалликларда. Россияда нефть бўлгани, ресурслар қаердадир кўпроқ пул бергани учун бизда нисбий афзаллик мавжуд, абсолют афзаллик эмас.

Яна бошқа мисол. Масалан, Apple компанияси бошқарувчиси Тим Кук балки офисида пол ювадиган фаррошдан 10 баравар яхшироқ пол ювар. Лекин компания бошқарувида у одамдан 1000 баравар яхшироқ бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам у компанияни бошқаради, полини ювмайди.

Шунинг учун ҳам мамлакатларни солиштираётганда асосий ғоя ҳеч қайси мамлакат барча хизмат ва товар турлари бўйича бир хил даражада зўр эмаслигида бўлади.

— Дунё бозорига очилиш мамлакатга нима беради?

— Биринчи навбатда дунё бозорига очилиш нархларни кескин туширади, истеъмол нархларини ҳам, хомашё нархларини ҳам.

Хомашё деган сўз Ўзбекистонда жуда ҳам ғалати тусга кирган. Масалан, агар сиз дастурчи бўлсангиз, сиз учун қаҳва, эҳтимол, хомашёдир. Чунки сиз қаҳвани ичиб, кейин код ёзяпсиз. Блогер бўлсангиз, iPhone меҳнат қуролингиз бўлади, бу ҳолат истеъмолга кирмайди. Кафе очсангиз, шоколад хомашё бўлади, чунки сиз уни эритиб, ичимлик тайёрлайсиз. Агар мен сизнинг кафенгизда ўша шоколадли ичимликни ичиб, кимгадир консультация хизматини кўрсатсам, у ичимлик мен учун хомашё бўлади ва ҳоказо. Шунинг учун ҳам нима товару, нима хомашё экани ҳеч кимга маълум бўлмаган мавҳум масала.

Шу мавҳумликдан келиб чиқиб айтяпманки, нафақат уйингиздаги нон, чой каби истеъмол товарларнинг нархи тушади, шу билан бирга миллион хил хомашёнинг нархи ҳам тушади. Биз хомашё деган фаразни баъзи турдаги товар категорияларига қўямиз, бошқаларига қўймаймиз. Шунинг учун ҳам дунё бозорига қўшилиш Ўзбекистонда ҳамма учун хомашёнинг ҳам, истеъмол товарларининг ҳам нархини туширади.

Бунинг натижасида ўзбекистонликлар қўлида кўпроқ пул қолади, уларнинг ҳаёти фаровонлашади. Бу нарсани пул тарқатишга қиёсласа бўлади. Дейлик, ҳамма товарга нархлар 10 фоизга тушса, бу содда қилиб айтганда 10 фоизга бойиб қолдик, дегандек гап.

Иккинчи фойдаси, агар биз савдони тўлиқ эркинлаштира олсак, корхоналар, тадбиркорлар ва сиз билан менга ўхшаган одамлар энди савдо эркин, келажакда ҳам эркин бўлиб қолади, деб ўйлай бошлайди. Чунки биз, масалан, Жаҳон савдо ташкилоти аъзоси бўлсак ёки Туркия, АҚШ каби мамлакатлар билан эркин савдо битимимиз бўлса, битта қоғоз билан бизга хомашё келиши ёки товар экспорт қилишимиз чекланиб қолмайди.

Бу нарса сизни узоқ муддатли инвестиция қилишга ундаши мумкин. Лекин ҳозирги шароитда ҳамма бозор ўйинчилари тўсатдан ўйин қоидалари ўзгариши мумкинлигини билади.

Ўйин қоидалари ўзгариши ҳақида сиз тўсатдан хабар топишингиз оқибатида 10, 20 ёки 50 йиллик бизнесларга пул тикмаслигингиз мумкин. Яъни, ўйин қоидалари бузилишининг ўзигина эмас, балки бузилиши эҳтимоли мавжудлигининг ўзи катта хатар. Савдо сиёсатини тўппончага қиёслаш мумкин. Агар қурол столни устида турса одам асабийлашади. Агар сейфнинг ичида турса хотиржам гаплашиш мумкин бўлади.

Ҳукуматда қонун-қоидаларни ўзгартириш имконияти қанчалик кам бўлса, тадбиркорлар шунчалик узоқ муддатли фикрлаш имкониятига эга бўлади. Ҳозир Ўзбекистонда тадбиркорлар камдан-кам ҳолатда узоқ муддатли бизнесларни режалаштиради. Чунки бизда ҳамма нарса жуда тез ўзгарувчан ҳисобланади, шу жумладан, иқтисодий сиёсат ҳам, солиқ сиёсати ҳам, пулнинг нархи ҳам. Буларни режалаштириш ва моделлаштириш жуда қийин. Шунинг учун ҳам бир-икки йилда фойда келтирмайдиган ишлар билан ҳеч ким шуғулланмайди.

Учинчидан, дунёга очилсак, маҳсулотларимизнинг дунё бозорига чиқиши тезлашади. Масалан, сиз Ўзбекистонда музқаймоқ ишлаб чиқариб сотяпсиз. Лекин чет элдан келаётган музқаймоққа 200 фоизлик бож бор. Бу ҳолатда сизнинг маҳсулотингиз яхши эканлигидан эмас, балки унинг муқобиллари ниҳоятда қимматлиги сабаб яхши сотилаётган бўлади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда ишлаб чиқарган маҳсулотингизни Финляндияга сотолмайсиз. Чунки сиз самарадорликни ҳисоблашда ўша 200 фоизлик божни ҳам ҳисобга олган бўласиз.

Бу ҳолатда Ўзбекистонда рақобатбардош эканингиз сизга дунё бозоридаги рақобатбардошлигингиз ҳақида ҳеч қандай маълумот бермайди. Лекин агар Ўзбекистон дунёга очилса, бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ўз-ўзидан дунёда ҳам рақобатбардош бўлади. Чунки Ўзбекистон ҳам дунёнинг бир бўлагига айланади.

Шунинг учун ҳам Туркия ва Жанубий Корея каби мамлакатлардаги корхоналарга ўз маҳсулотини чет элга экспорт қилиш осон. Чунки улар маҳаллий бозордаги рақобатда ютиб чиққан, маҳаллий бозорда эса Германиянинг ҳам, Италиянинг ҳам корхоналари бор эди. Демак, улар Германияда ҳам ўз маҳсулотини сота олади.

— Демак, Ўзбекистон иқтисодиёти ёпиқ бўлгани учун рақобатбардош эмас, десак бўладими?

— Ўзи умуман ҳеч қайси инсон ёки иқтисодиётга нисбатан у рақобатбардош эмас, деб бўлмайди. Чунки нимага нисбатан деган савол бор. Ўзбекистон дунё бозорига қанчалик узоқ қўшилмаса, рақобатбардошлик шунчалик камайиб борувчи функция деса бўлади.

Дунё бозорига 1991 йилда қўшилиш керак эди, энг зўр пайт ўша эди. Кейинги энг зўр пайт — айнан ҳозир. Қанчалик тез қўшилсак, оғриғи шунчалик камроқ бўлади, энг кам оғриқ ўша 1991 йилда бўларди.

— Импорт экспортга нисбатан ошиб кетади деган аргументга қандай қарайсиз?

— Давлатда ҳам, уй хўжалигида ҳам, агар биз импортни экспортга нисбатан кўпроқ қилсак, ўша кўпроқ қисмга нимадир орқали тўлашимиз керак бўлади. Яъни бизга доллар қаердан келади? Доллар келадиган манбалар бу экспорт, Ўзбекистонга чет элдан пул ўтказмалари ва инвестициялар ҳисобланади. Яъни бизда импорт ва экспорт ўртасидаги фарқ ниманингдир ҳисобига компенсация қилинади.

Ўзбекистоннинг импорти экспортга нисбатан ошишининг сабаби кўп бўлиши мумкин. Масалан инвестициялар ҳисобига бу кузатилиши мумкин. Шунинг учун мен бу нарсадан умуман хавотир олмаган бўлардим.

Уй хўжалигида ҳам ташқаридан кўп нарса сотиб олиш бойликнинг аломати, камбағалликнинг эмас. Ҳамма ишни ўзи бажариш, ташқаридан ҳеч нарса сотиб олмаслик — бу қашшоқликнинг чўққиси. Одамзод қанчалик бойиса, ўзи шунчалик кам нарса қилади.

Баҳодир Абдуллаев суҳбатлашди.